Спорт: Баҳодир Жалоловнинг имкониятлари илмий асосда таҳлил қилинди
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Илмий тадқиқотлар маркази ҳузуридаги Спорт биомеханикаси лабораториясида юқори малакали боксчилар иштирокида замонавий биомеханик тадқиқотлар амалга оширилди.
Педагогика фанлари доктори, профессор Сойиб Тажибоев раҳбарлигида ўтказилган тадқиқот давомида икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби, бир неча бор Жаҳон чемпионлигига эришган истеъдодли боксчимиз Баҳодир Жалолов тимсолида спортчининг техник ҳаракатлари тегишли илмий тизим ёрдамида уч ўлчовли форматда таҳлил қилинди.
Шунингдек, махсус қурилма ва мосламалар ёрдамида реакция тезлиги ва координацион қобилиятлар, нафас олиш тизимининг функционал ҳолати, мушак кучи ҳамда тана таркиби комплекс баҳоланди.
Илмий изланишлар жараёнида боксчининг зарба бериш биомеханикаси, ҳаракат координацияси, мувозанати, тезкорлиги ва тана сегментлари ўртасидаги кинематик боғлиқликларни чуқур ўрганилди. Олинган хулосалар асосида спортчининг техник ҳаракатларни янада такомиллаштириш, спорт натижадорлигини ошириш ва жароҳатлар хавфини камайтиришга қаратилган илмий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Эътиборли жиҳати, мазкур тадқиқотлар мамлакатимиз спорт таълими ва унинг илмий асосларини ривожлантиришга, спорт биомеханикаси йўналишида олиб борилаётган илмий таҳлилларга янги суръат бағишлайди.

Бошқача айтганда, сунъий интеллект, рақамли ҳаракат таҳлили ва замонавий биомеханик технологияларни спорт тайёргарлиги жараёнига интеграция қилиш орқали Баҳодир Жалолов сингари юқори малакали спортчиларимизнинг функционал имкониятларини илмий асосда баҳолаш ва ривожлантириш бўйича янги ёндашувлар ишлаб чиқилишига асос бўлмоқда.
Энг муҳими, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ташкил этилган спорт биомеханикаси лабораторияси мамлакатимиз спортчиларининг халқаро майдондаги муваффақиятларини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг техник тайёргарлигини такомиллаштириш ҳамда спорт фанини ривожлантиришга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
Т. Рўзиев, ЎзА