Сўнгги ўн йилда Хоразмга келувчи сайёҳлар сони 40 баробар ошди
Хоразм нафақат Ўзбекистон, балки дунё тамаддунининг бешикларидан биридир. Қадимий воҳа бугунги кунда шунчаки тарихий ёдгорликлар макони эмас, балки экотуризм ва гастрономик саёҳатларни ўзида мужассам этган, сайёҳлар оқимини қабул қилиш, тақсимлаш ва уларга замонавий комплекс хизматларни кўрсатиш учун зарур инфратузилма жамланган йирик марказ, яъни катта туристик хабга айланмоқда.
Шу сабабдан Хоразм туризми нафақат ўтмишга саёҳат, балки маҳаллий аҳоли бандлигини таъминловчи ва ҳудуд иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи асосий драйвер ҳамдир.
Биргина 2025 йилнинг ўзида вилоятда туризм хизматлари экспорт ҳажми 802 миллион 600 минг АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг шу даврига қадар 1 миллиард 400 миллион долларга яқинлашган. Бундай натижалар давлатимиз томонидан соҳага қайтилаётган эътибор ва яратиб берилаётган имкониятлар самарасидир.
Жорий йилнинг ўн ойи давомида вилоятга жами 13 миллион сайёҳ ташриф буюрган. Шундан 3 миллионга яқини дунёнинг 170 та давлатидан келган хорижий, 10 миллиондан ортиғи эса маҳаллий сайёҳларни ташкил этади. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан вилоятда сайёҳлар оқими 1,3 баробар ошганини англатади.
– Аниқ таҳлилларга кўра, сўнгги ўн йилликда вилоятимизда сайёҳлар сони 40 баробарга ошган, – дейди Хоразм вилояти туризм бошқармаси тадбиркорлар билан ишлаш шубаси бошлиғи Анвар Ражабов. – Бу кўрсатгич эндиликда яна шиддат билан ошиши кутилмоқда. Чунки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан илк Урганч ва Хива шаҳарларини бир-бири билан боғлайдиган пулли йўл ташкил қилинди. Электрлаштирилган поезд қатнови йўлга қўйилди. Икки шаҳар ўртасида қатновчи замонавий троллейбуслар олиб келинди. Эндиликда Урганч халқаро аэропортидан чиққан сайёҳ ана шу учала йўналиш бўйича Хивага қулай ва осон етиб бориши ёки қайтиши мумкин. Шунингдек, Жалолиддин Мангуберди тезюрар поездининг Тошкент – Урганч – Хива йўналишида қатнаётгани туристлар учун янада кўпроқ қулайликлар яратади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 15 ноябрдаги “2024-2026 йилларда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори вилоятга хорижий туристларни кенг жалб қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, қўшимча маданий мерос ва туризм намойиши объектларини ишга тушириш, жойлаштириш воситалари фондини кўпайтириш, соҳа йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, вилоятнинг туризм салоҳиятини хорижий мамлакатларда манзилли тарғиб қилиш борасида дастуруламал бўлди.
[gallery-32471]
Биргина меҳмонхона фаолиятини таҳлил қиладиган бўлсак, 2016 йилда Хоразм вилоятида атиги 49 та жойлаштириш воситалари мавжуд бўлган. Бугун эса уларнинг сони 347 тани ташкил қилади.
Эътиборли жиҳати, Президентимизнинг юқоридаги қарорига кўра бу йўналишдаги тадбиркорлар учун бир қатор имтиёз ва имкониятлар тақдим этилган. Яъни 2024-2026 йилларда фойдаланишга топширилган меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 10 миллиондан 20 миллион сўмгача субсидиялар берилмоқда.
Шу кунгача Хоразмда мазкур қарор асосида меҳмонхоналарни қуриб, фойдаланишга топширган ўн нафардан ортиқ тадбиркорларга 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар субсидия асосида ажратилган.
Масалан, яқинда фойдаланишга топширилган 45 та хона ва 92 ўринли меҳмонхона эгаси, тадбиркор Бахтиёр Жабборовга ҳам давлатимиз томонидан 810 миллион сўм субсидия маблағлари берилди.
– Бу муҳтарам Президентимиз томонидан туризмни ривожлантиришга қаратилган катта эътибор дейиш мумкин, – дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Азамат Хўжаев. – Биласиз, субсидия бу қайтарилмайдиган маблағ ҳисобланиб, бу пулни тадбиркорлар келажакда меҳмонхона хизматларини янада ривожлантириш учун ишлатишлари мумкин.
– Президентимизнинг айнан биз учун чиқарган қарорлари ва ажратган субсидия маблағлари фаолиятимизни янада яхшилади, – дейди тадбиркор Бахтиёр Ражабов. – Уларнинг кўп ташаббуслари соҳани ривожлантиришда жуда муҳим бўлмоқда. Улар кўрсатган эътибор ва ғамхўрликлари, берган имтиёз ҳамда имкониятлари бизга янги марралар сари рағбат ва масъулиятдир. Ҳозирда сервис хизмат кўрсатиш бўйича хорижий тажрибаларни ўрганмоқдамиз. Мақсадимиз эса келган ҳар бир меҳмонни юқори савияда кутиб олиш ва сифатли хизмат кўрсатишдир. Меҳмонхонамизда 25 нафар ёшларнинг бандлиги ҳам таъминланди.
Айтиш мумкинки, жорий йилнинг август ойида давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи ҳам туризм тадбиркорлари учун жуда катта имкониятлар эшигини очди.
– Гап шундаки, туризм соҳаси тадбиркорлик субъектлари учун хориждан олиб келинадиган сайёҳларга хизмат кўрсатувчи микро автобус, автобус каби транспорт воситалари божхона божларидан озод қилинди, – дейди Хоразм вилояти туризм бошқармаси тадбиркорлар билан ишлаш шубаси бошлиғи Анвар Ражабов. – Қолаверса, утилизация йиғимларини ҳам тўлашмайди. Шунингдек, тур-операторларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатадиган хизматларини экспорт хизмати сифатида эътироф этилиб, қўшилган қиймат солиғидан озод этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
2026 йилнинг якунига қадар вилоятда жойлаштириш воситаларининг сони яна қирқтага оширилиб, 387 тага, улардаги ўринлар сонини 10 мингтага етказиш кўзда тутилган. Шу билан бирга соҳада 2500 мингта иш ўринлари яратиш ҳам режалаштирилган.
Бу сайёҳлар оқимининг мавсумийлик даврини камайтириш, уларни йил давомида жалб қилиш ва албатта Хоразмни жаҳон туризм харитасидаги энг рақобатбардош манзиллардан бирига айлантириш имконини яратади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари