Соғлиқни сақлаш вазири аҳолини коррупцион ҳолатлар бўйича хабар беришга чақирди
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов соҳа ходимлари ва мамлакатимиз аҳолисига мурожаат билан чиқди.
Мурожаатда тизимда коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда истиқболдаги режалар атрофлича баён этилган.
Вазир ўз мурожаатида коррупцияни мамлакат тараққиётига тўсиқ бўлувчи жиддий таҳдид ва «жамият танасидаги саратон» дея таърифлаб, Янги Ўзбекистонда бу иллатга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилаётганини таъкидлади. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 майдаги тегишли фармонига мувофиқ вазирлик тузилмаси қайта ташкил этилаётгани, соҳа тарихида илк бор коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс масалалари бўйича вазир ўринбосари лавозими таъсис этилгани қайд этилди. Шунингдек, ички назорат бўлинмаси кенгайтирилиб, Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бошқармасига айлантирилди.
Мурожаатда тизимда молиявий хато-камчиликларни эрта аниқлаш борасидаги рақамли ечимлар самарасига ҳам тўхталиб ўтилган. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида «masofaviaudit.uz» тизими орқали 979 та ҳолатда 514,9 миллиард сўмлик молиявий камчиликлар аниқланиб, бартараф этилди. Туғуруқ муассасаларида «суюнчи» пули ёки кесарча кесиш амалиёти учун ноқонуний ҳақ талаб қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида «Сирли мижоз» тадбирлари йўлга қўйилди. Амалга оширилган ишлар натижасида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Очиқлик индексида Соғлиқни сақлаш вазирлиги 87,2 балл билан 97 та ташкилот орасида бирйўла 60 поғона юқорилаб, илк бор «сариқ» даражадан «яшил» даражага кўтарилди.
Вазирнинг таъкидлашича, тизимдаги кадрларни янгилаш сиёсати келгусида ҳудудий бошқармалар, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари ҳамда барча даволаш-профилактика муассасаларини қамраб олади. Бунда аҳолидан келиб тушаётган эътироз ва шикоятлар асосий мезон бўлади. Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан бошлаб «Рақамли комплаенс» ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилади ҳамда коррупцияга қарши ички назорат фаолияти «E-Komplaens» электрон модули орқали тўлиқ рақамлаштирилади. Бундан ташқари, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш тизими йўлга қўйилади.
Элдор Адилов коррупцияга қарши курашда тиббиёт ходимлари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки сув ва ҳаводек зарурлигини қайд этди. Агар фуқаролар ёки соҳа ходимлари тиббиёт муассасаларида коррупциявий ҳолатлар, манфаатлар тўқнашуви, бюрократик тўсиқлар ёки ноқонуний тўлов талаб қилинишига дуч келсалар, вазирликнинг «1203» қисқа рақамли «Ишонч телефони» ёки info@ssv.uz электрон почта манзили орқали хабар беришлари сўралади. Мурожаат қилган шахсларнинг кимлиги ва тақдим этилган маълумотларнинг махфийлиги тўлиқ кафолатланади. «Ишонаманки, биргаликда Янги Ўзбекистон тиббиётини коррупциядан холи, адолатли ва шаффоф тизимга айлантирамиз», — дея ўз мурожаатини якунлаган Соғлиқни сақлаш вазири.
Моҳигул Қосимова, ЎзА