Зоминда ёшлар шарафига байрам
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Зомин туманида ўтказилган тантанали байрам тадбири мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунида Янги Ўзбекистон ёшлари билан ўтказган очиқ мулоқотида илгари сурилган эзгу ғоя ва ташаббуслар Зоминдаги байрам тадбирларида ҳам ўзининг амалий аксини топди.
Янги Ўзбекистонда ёшларнинг билимли, ташаббускор ва ватанпарвар инсонлар бўлиб камол топиши давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланган. Шу боис ҳар йили 30 июнь – Ёшлар куни нафақат байрам сифатида, балки мамлакатимиз ёшларига билдирилаётган юксак ишонч ва эътиборнинг ёрқин рамзи сифатида кенг нишонланмоқда.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан мамлакатимиз ёшлари билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг орзу-интилишлари, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшлар учун янги имкониятлар яратиш, замонавий таълим, инновациялар, тадбиркорлик ва бандлик масалалари бундан кейин ҳам давлат сиёсатининг устувор вазифаси бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади. Ана шу эзгу мақсадлар жойларда амалга оширилаётган тадбирларда ҳам ўзининг ифодасини топмоқда.

Жиззах вилоятининг Зомин тумани марказий сайилгоҳида ташкил этилган тантанали байрам дастури ҳам ана шу юксак ғоялар руҳида ўтди. Унда ёшларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни ва салоҳияти эътироф этилди, уларни янги марралар сари руҳлантириш, ташаббускор ва фаол ёшларни муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тантанали тадбирда Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, кенг жамоатчилик ҳамда юзлаб ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими ёшларни байрам билан самимий қутлар экан, мамлакатимизда уларнинг замонавий билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ва ўз иқтидорини тўлиқ намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятларга тўхталди. Шу билан бирга, Зомин ёшларининг илм-фан, спорт, маданият, ахборот технологиялари ҳамда тадбиркорлик соҳаларида эришаётган салмоқли ютуқлари юксак баҳоланди.
Байрамнинг энг қувончли лаҳзаларидан бири умумтаълим мактабларини аъло баҳолар билан тамомлаб, олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлган битирувчиларни тақдирлаш маросими бўлди. Ёшларнинг билим ва меҳнатига берилган бундай юксак эътироф улар учун катта рағбат ва келгуси муваффақиятлар сари мустаҳкам қадам бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, ёшлар сиёсатини ҳаётга самарали татбиқ этиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган Ёшлар ишлари бўлими етакчилари ва бир гуруҳ ташаббускор ёшлар ҳам муносиб тақдирланди.
Байрам дастури республика пойтахтидан ташриф буюрган санъаткорлар ҳамда маҳаллий истеъдодли ижрочилар иштирокидаги концерт дастури билан янада файзли тус олди. Куй-қўшиқлар, мусиқий чиқишлар ва саҳна кўринишлари йиғилганларга ҳақиқий байрам кайфиятини улашди.

Тадбир якунида осмонни ёритган ранг-баранг мушакбозлик байрам шукуҳини янада ошириб, иштирокчилар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Зомин туманида ўтказилган “Ёшлар куни”га бағишланган ушбу тантаналар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этаётганининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди. Бу каби эзгу ташаббуслар юртимизнинг эртанги кунини барпо этадиган билимли, ватанпарвар ва ташаббускор ёшлар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири