Фарғонада қурилиш соҳасида рақамли назорат кенгаймоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 июнда қабул қилинган “Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур фармон қурилиш соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, давлат хизматларини соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этишга қаратилган. Энди қурилишга рухсат олиш жараёнлари “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш муддати ва ортиқча харажатлар қисқаради.
Шунингдек, ижро ҳужжатларини тўлиқ рақамлаштириш, уларни қоғоз шаклида талаб қилиш амалиётидан босқичма-босқич воз кечиш, сунъий интеллект орқали хизматларни таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш тизимини жорий этиш коррупциявий хавфларни камайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
[gallery-30164]
Матбуот анжумани доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари инспекцияда яратилган шароитлар ҳамда қурилиш объектларини онлайн мониторинг қилиш тизими билан танишди. Кузатув камералари орқали қурилиш жараёнлари, меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши ва ишлар сифати масофадан туриб назорат қилинмоқда.
Инспекция маълумотига кўра, айни пайтда вилоятда қарийб 2 мингта қурилиш объектида ишлар олиб борилмоқда. Уларнинг 1 минг 997 таси “Қурилишда давлат назорати” ахборот тизими орқали мунтазам мониторинг қилинмоқда.
Жорий йилнинг ўтган олти ойида 11 минг 836 та мониторинг ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича 8 минг 824 та ёзма кўрсатма берилган. Уларнинг 8 минг 425 таси ижро этилган. Шунингдек, 101 та объект онлайн кузатув тизимига уланган, қурилиш қоидаларини бузиш ҳолатлари юзасидан қарийб 5 миллиард сўмлик маъмурий чоралар қўлланилган. Лойиҳадан четга чиққан 139 та қурилиш ишлари буздирилган, 68 та объектда қурилиш-монтаж ишлари вақтинча тўхтатилган.
Тадбирда қурилиш соҳасида рақамли назоратни янада кенгайтириш, сифат талабларига қатъий риоя этиш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий қилиш хавфсиз ҳамда сифатли қурилишларни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА