Президент эътироф этган маҳалла илмий салоҳияти янада ортиб бормоқда
Мамлакатимизда илм-фан ва таълимга қаратилаётган юксак эътибор ўз самарасини бермоқда. Бу жараёнда Президентимиз томонидан эътироф этилган ана шундай илм-маърифат масканларидан бири – Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Тамабаҳрин маҳалласи бўлиб, бу ерда шаклланган таълим муҳити йиллар давомида юзлаб ёшларнинг орзу-мақсадларига қанот бағишлаб келмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасида ҳам дунёнинг кўпгина илғор давлатларида битирувчиларни ўрта-махсус ва олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибида кенг қўлланилаётган тезкор ва самарали усул – тест синовлари жорий этилган. Ҳар йили юз минглаб битирувчилар, абитуриентларнинг маълум фан йўналишлари бўйича олган билим ва кўникмалари тест асосида аниқланади. Ушбу синовдан Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган мактаб дарсликларида берилган маълумотларни пухта ўзлаштирган билимдон ўқувчиларгина ўтадилар.
Шундан келиб чиқиб, Навоий вилояти, Хатирчи туманидаги 22- ва 44-мактаблар ҳамкорлигида 1996 йил март ойида Давлат тест маркази (ДТМ) томонидан ташкил этилган тест жараёнидан муваффақиятли ўтиш учун мактаб битирувчиларини олий ўқув юртларига қамраб олиш мақсадида тайёрлов курслари 22-мактаб директори Саъдулла Бекназаров ҳамда 44-мактаб директори Тошмамат Эгамбердиевлар томонидан ташкил этилди.
Ушбу фаолиятни юритиш учун Республика Халқ таълими маркази марказий малака ошириш институти, шунингдек, Навоий вилояти малака ошириш институтиларининг тавсияларига биноан туман халқ таълими бўлимининг Кенгаш қарори, ота-оналар қўмитасининг қарори ва розилиги, мактаблар педагогик кенгашларининг қарорига асосан тайёрлов курсининг Низоми ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Шундан кейин 1996 йил март ойидан бошлаб юқоридаги мактабларда тайёрлов курслари ўз фаолиятини бошлади. Бунда ушбу мактабларнинг ва тумандаги бошқа мактаблардан илғор ўқитувчилар танлов ва синов асосида сараланди ва қабул қилинди. Жумладан, ўн нафар физика, йигирма нафар она тили ва адабиёт, ўн икки нафар математика, тўрт нафар тарих, уч нафар химия фани ўқитувчиларидан энг юқори балл олган ўқитувчилар шу йили мактаб битирувчиларига машғулотларни ташкил қилиб берди.
Она тили ва адабиёт фанидан Ғиёс Бойманов, Баҳодир Шамсиевлар; тарих фанидан Маматқул Жўлиев, Муҳаббат Қаршиевалар; химия ва биология фанларидан Саъдулла Бекназаров, Шоҳида Йўлдошевалар, математика фанидан Мардон Нурмаматов, немис тили фанидан Тошмамат Эгамбердиев, инглиз тили фанидан Ойсифат Назарова, физика фанидан Ўринбой Умрзоқов, география фанидан Комила Дониёровалар, кейинги босқичларда она тили фанидан София Тўраева, Абдусалом Темиров, Ҳамдам Ражабовлар, физика фанидан Абдураҳмон Санақулов, Бахтиёр Турдиев, рус тили фанидан Алишер Дониёров ва бошқа ўқитувчилар жалб қилинди ҳамда тайёрлов курслари масштаби кенгайтирилди.
Ҳозирги кунда “Тамабаҳрин” маҳалласида юқоридаги устозларнинг шогирдлари курс фаолиятларини давом эттириб келмоқда. Немис тили фанидан Бурҳон Нурмаматов, математика фанидан Азим Уринов, Юсуф Изомиддинов, Азиз Нажмиддиновлар, тарих фанидан Бекзод Ҳимматов, Баҳодир Халилов, Ҳусниддин Баратовлар, она тили фанидан Анвар Бахранов, Насиба Ўринова, Нилуфар Тошева, Бекзод Ғаниев, Мохичеҳра Рустамовалар, инглиз тили фанидан Холисхон Улуғмуродова, кимё фанидан Фаррух Эсергапов, Фаррух Нурулаев, рус тили фанидан Жаҳонгир Жабборов, физика фанидан Санжар Ҳамдуллаев, биология фанидан Нилуфар Баҳроновалар устозлари анъаналарини давом эттириб келмоқда.

Ўқувчилар ҳам тайёрлов курсларига синов ва суҳбат асосида танлаб олинади. Дастлабки йили (1996 йил) 22-мактабнинг ҳузурида тайёрланган 27 нафар абитуриентлардан 24 нафари (89 фоиз), 44-мактабнинг ҳузурида тайёрланган 24 нафар абитириентлардан 20 нафари (84 фоиз) олий ўқув юрти талабалари бўлди.
Бир пайтлар тайёрлов курсларида асосан туман мактаблари ўқувчилари таҳсил олган бўлса, йиллар ўтиши билан мазкур даргоҳнинг нуфузи тобора ошиб борди. Натижада нафақат Навоий вилоятининг Зарафшон, Учқудуқ, Навоий, Навбаҳор, Қизилтепа туманларидан, балки Самарқанд вилоятининг Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон, Иштихон, Пайариқ, Ургут туманлари ҳамда Самарқанд шаҳридан, Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани, Жиззах вилоятининг Арнасой тумани, Сирдарё вилоятининг Янгиер ва Гулистон шаҳарлари, шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилояти, Хоразм ҳамда Сурхондарё вилоятларидан ҳам абитуриентлар келиб таҳсил олмоқда.
Бу ерда яратилган илмий муҳит ва устозларнинг фидокорона меҳнати натижасида бугунги кунда ўнга яқин фан докторлари, малакали шифокорлар, банк, божхона, давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари, юристлар, иқтисодчилар, муҳандислар, ўқитувчилар, журналистлар, шоир ва ёзувчилар, дипломатик ташкилотлар ва вазирликлар ходимлари, прокурорлар, судьялар ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлар етишиб чиқди. Улардан бир қисми хорижда малака ошириб, бугун Ватан тараққиёти йўлида муносиб хизмат қилиб келмоқда.

Анвар Баҳрановнинг республика миқёсида танилган «Ҳозирги ўзбек адабий тили» ўқув қўлланмаси ҳам бугун кўплаб абитуриентлар учун муҳим манбага айланган. Унинг шогирдлари туман, вилоят ва республика фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришиб, айримлари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинган.
– Йиллар давомида маҳалламизда таълимга бўлган муносабат мутлақо ўзгарди. Авваллари асосан маҳаллий ёшлар тайёргарликка келган бўлса, бугун турли вилоятлардан билим излаб келаётган ёшларни кўриш биз учун катта ифтихор. Бу, аввало, маҳалламизда шаклланган ўқитувчилик анъаналари ва устозларнинг фидокорона меҳнати самарасидир. Биз учун энг катта мукофот — шогирдларимизнинг юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганини кўришдир, – дейди Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Анвар Баҳранов.
Маҳалланинг илм-фан соҳасидаги салоҳиятини юксалтиришда илмий изланиш олиб бораётган ёш олимларнинг ҳам ўрни катта. Хусусан, маҳалла фарзандлари Гулмира Ачилова ва Нилуфар Тошева фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини муваффақиятли ҳимоя қилиб, ўз соҳаларида илмий фаолият олиб бормоқда. Уларнинг ютуқлари маҳалла ёшлари учун илм йўлидаги муносиб намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса Тамабаҳрин маҳалласида илмга бўлган қизиқиш ва илмий салоҳият йилдан йилга юксалиб бораётганининг яна бир амалий исботидир.

– Маҳалламизда ўқитувчига бўлган ҳурмат жуда баланд. Шу боис йилдан йилга билим олишга интилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда. Турли ҳудудлардан фарзандларини ишонч билан бизга юборишлари ҳам катта масъулият юклайди. Бу ишончни оқлаш учун устозлар доимий изланишда. Бугун маҳалламиз битирувчиларининг турли соҳаларда юксак натижаларга эришиб, мамлакат равнақига ҳисса қўшаётгани барчамиз учун ҳақиқий фахрдир, – дейди Тарих фани ўқитувчиси Баҳодир Ҳалилов.
Бугун Тамабаҳрин маҳалласи нафақат бир ҳудуд, балки илм-маърифат, изланиш ва юксак мақсадлар сари интилиш рамзига айланиб бормоқда. Президентимиз томонидан эътироф этилган ушбу маҳаллада илм аҳли ва фидойи устозларнинг меҳнати туфайли илмий салоҳият йилдан йилга юксалиб, мамлакатимиз тараққиёти учун муносиб кадрлар тайёрлаш анъанаси изчил давом этмоқда.
Анвар Маматов,
“Тамабаҳрин” МФЙ раиси