Сирдарёнинг кечмишига бағишланган китоблар тақдимоти
Гулистон шаҳридаги Ахборот-ресурс марказида журналист ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Собиржон Усмоновнинг 80 йиллик юбилейига бағишланган тадбирда муаллифнинг «Сирдарё вилояти тарихидан» ва «Сирдарёлик қаҳрамонлар» номли янги китоблари тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими, "Нуронийлар" жамғармаси вилоят бўлими, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда журналистлар, ижодкорлар, нуронийлар, соҳа мутахассислари, меҳнат фахрийлари ва китобхонлар иштирок этишди.
Тақдим этилган ҳар икки китобда Сирдарёнинг шаклланиши ва ривожланиши, Мирзачўлни ўзлаштириш йиллари, вилоят тараққиётига муносиб ҳисса қўшган инсонлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида қимматли маълумотлар жамланган. Муаллиф уларни тайёрлаш жараёнида архив ҳужжатлари билан бир қаторда, суҳбатлар, шахсий кузатувлар, кундалик қайдлар ва ўзи яхши билган инсонларнинг хотираларига таянган.
Айниқса, Собиржон Усмоновнинг йиллар давомида мунтазам юритган кундаликлари китобларнинг муҳим манбаларидан бири бўлган. Муаллиф ўз қайдларида вилоятдаги ўзгаришлар, муҳим воқеалар, иш жараёнлари, учрашувлар ва инсонлар ҳаёти билан боғлиқ таассуротларни қайд этиб борган. Кейинчалик, айниқса, нафақага чиққанидан сўнг, ушбу материалларни тизимлаштириб, китоб шаклига келтирган.
Бу жиҳатдан асарларнинг аҳамияти шундаки, уларда расмий ҳужжатларда акс этмай қолган айрим воқеа-ҳодисалар ва инсон тақдирлари шахсий хотира ва кузатувлар асосида сақлаб қолинган. Шу боис китобларда Сирдарё тарихининг нафақат рақам ва саналар, балки инсонлар меҳнати, тақдири ва хотиралари билан боғлиқ жиҳатлари ҳам ёритилган.
«Сирдарёлик қаҳрамонлар» китобида вилоят тараққиётига меҳнати, ташаббуси ва фидойилиги билан ҳисса қўшган инсонларнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилинади. Уларнинг аксарияти муаллифга шахсан таниш бўлган. Бу эса асарлардаги воқеаларнинг ҳаётийлиги ва ишончлилигини янада оширган.
[gallery-31426]
Собиржон Усмоновнинг журналистик ва ижодий фаолияти эса бу икки китоб билан чекланмайди. У 1980–2000 йилларда Янгиер шаҳар партия қўмитасининг иккинчи котиби, Гулистон шаҳар ижроия қўмитаси раиси, Сирдарё вилояти партия қўмитасининг ташкилий-партиявий бўлими мудири ва иккинчи котиби, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилояти кенгашининг биринчи котиби, вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда Сирдарё тумани ҳокими каби масъулиятли лавозимларда ишлаган.
2000–2005 йилларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида бош маслаҳатчи, котиб ва раис ўринбосари вазифаларида фаолият юритган. 2005–2025 йилларда эса «Пахтасаноат илмий маркази»да бўлим бошлиғи, ахборот-ресурс маркази раҳбари, «Пахта илмий-инновация маркази» МЧЖ директор ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган.
Масъулиятли раҳбарлик вазифалари билан бирга журналистика ва ижоддан ҳам узоқлашмаган Собиржон Усмонов турли йилларда ўзбек ва рус тилларидаги газета-журналларда ижтимоий, иқтисодий, таълим ва бошқа долзарб мавзуларда таҳлилий мақолалар билан мунтазам иштирок этган, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган.
Муаллифнинг қаламига мансуб китоблар сони 18 тага яқин. Улар орасида «Сирдарё ёшлари Мирзачўлни ўзлаштиришда», «Дил чизгилари», «Дийдор ғанимат», «Сизга насиб», «Ёднома», «Ёднома-2020», «Умр учқунлари», «Об историях отдельных личностей», «Ўзбекистонликлар фашизмга қарши жангларда», «Мирзачўлда қолди излари», «Мирзачўл авлодлар ёдида», «Бир суҳбат тарихи» каби асарлар бор. Шунингдек, муаллиф пахтачилик соҳасига оид илмий-услубий қўлланмалар ҳам яратган.
— Собиржон Усмоновнинг асарларида Сирдарё ва унинг одамлари тақдири алоҳида ўрин тутади. Муаллиф воқеаларга холис ёндашиши, аниқ далилларга таяниши ва содда, равон тилда ёзиши билан ажралиб туради. Вилоятимизда шундай журналист ва ижодкор борлигидан фахрланамиз, — деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Дилором Исмадиёрова.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввар Пардаев олиб борди. Ўзбекистон Нуронийлар жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Ўтбосар Абдиев, Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ўқитувчиси, фан номзоди Илёс Қувондиқов, меҳнат фахрийси Акбарали Мирзааҳмедов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгаши раисининг ўринбосари Ойбек Ашурматов ва бошқалар ҳам юбилярнинг кўп йиллик меҳнати, журналистик изланишлари ва ижодий фаолияти ҳақида илиқ фикрлар билдиришди.
Тақдимотда таъкидланганидек, тарихни асраш фақат архив ҳужжатларини сақлаш билан чекланмайди. Унда замондошлар хотираси, шахсий кузатувлар ва авлодлар тақдири ҳам муҳим ўрин тутади. Собиржон Усмоновнинг янги китоблари ана шу жиҳатдан Сирдарёнинг кечмиши, бугунги тараққиёти ва уни бунёд этган инсонлар ҳақидаги хотираларни келажак авлодларга етказувчи қимматли манба бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА