Жиззах театри янги мавсумни таъсирчан спектакль билан бошлади
Жиззах вилояти мусиқали драма театрида 105-мавсумнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда маданият ва санъат соҳаси намояндалари, жамоатчилик фаоллари, маҳаллий аҳоли, ўқитувчи ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирнинг бадиий қисми Насрулло Қобил асари асосида режиссёр Илҳом Норматов томонидан саҳналаштирилган “Тўда” спектакли намойиши билан бошланди.
Асарда ҳаётда ўз ўрнини топишга интилаётган, бироқ ғўрлиги ва тажрибасизлиги туфайли нотўғри йўлга кириб қолган бир гуруҳ ёшларнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Спектаклда сохта муҳаббат, енгил-елпи ҳаёт ва ёлғон ваъдаларга ишониб, жиноят ҳамда гиёҳвандлик домига тушган ёшларнинг аянчли оқибатлари таъсирчан тарзда акс эттирилган.
[gallery-31424]
Саҳна асари томошабинни огоҳликка, ҳаётда тўғри йўл танлашга, зарарли иллатлар ва турли ёт таъсирлардан йироқ бўлишга ундайди.
— Театр инсонни ўйлашга, хулоса чиқаришга ундайди. Саҳна орқали ҳаётни кўрамиз, тақдирлардан сабоқ оламиз. Шундай экан, театр — тарбия маскани, ҳаётнинг ўзига хос кўзгусидир, - дейди томошабин Мадина Хурсанова.
Ёшларни турли зарарли таъсирлар ва одатлардан асраш, уларда соғлом турмуш тарзи ҳамда тўғри дунёқарашни шакллантиришда бундай саҳна асарларининг аҳамияти катта.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат,видео),ЎзА