Сирдарёлик спортчи олтин медални қўлга киритди
Озарбайжоннинг Мингячевир шаҳрида ўтаётган III МДҲ ўйинларида бугун сирдарёлик спортчи Жамолбек Турғунов академик эшкак эшишнинг М1 1500 метр масофадаги дастури бўйича барча рақибларини ортда қолдириб биринчи бўлиб маррага етиб келди ва олтин медалга сазовор бўлди. Бу ҳақда вилоят спорт бошқармаси масъуллари хабар берди.
Жамолбекнинг бу ютуғи нафақат шахсий ғалаба, балки Сирдарё спортининг халқаро майдондаги обрўсини янада оширди.


Маълумот учун: академик эшкак эшиш барқарорлик, техника ва тезлик талаб қилувчи спорт тури бўлиб, халқаро мусобақаларда ғолиблик фақат чуқур тайёргарлик ва кучли руҳий барқарорлик натижасида келади. Жамолбек Турғуновнинг олтин медали бу талабларни тўлиқ таъминлагани ва унинг спортдаги камолоти ҳамда халқаро майдондаги муваффақиятларини кўрсатади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири