Ижро шакли кўрсатилмаган реклама берувчилар огоҳлантирилди
Рақобат қўмитаси инстаграм саҳифалари ва ташқи реклама объектларида жойлаштирилган 27 та концерт рекламасида фонограмма ёки жонли ижро ҳақида ахборот берилмаганини аниқлади.
Ўрганишлар жараёнида Қўмита тегишли реклама берувчиларга рекламаларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш бўйича огоҳлантиришлар юборди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 207-сон қарорига мувофиқ, рекламада "Жонли ижро", "Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз" ёки "Фонограммали концерт дастури" деб аниқ кўрсатилиши лозим.
"Реклама тўғрисида"ги қонуннинг 44-моддасига кўра, фонограмма ишлатилганда рекламада ундан фойдаланиш даражаси кўрсатилиши керак. Ташқи рекламада бу ахборот реклама майдонининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим. Ташкилотчилар томоша бошланишидан олдин бу ҳақда аудиохабар берилишини таъминлаши зарур.
"Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш ҳақида ахборот кўрсатилиши шарт.
Рақобат қўмитаси концерт ташкилотчилари ва реклама берувчиларни концерт рекламаларида ижро шаклини аниқ кўрсатиш ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга чақиради.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА