Сифатли таълим — устувор мақсад
Бугун мактаб олдида турган энг муҳим вазифа — ўқувчини шунчаки дарсга жалб этиш эмас, балки унга сифатли билим бериш, олган билимини ҳаётда қўллай оладиган, мустақил фикрлайдиган ва келажакка ишонч билан қадам қўядиган шахс сифатида камол топтиришдир. Зеро, таълимдаги ҳақиқий натижа рақамларда эмас, балки ҳар бир ўқувчининг билими, салоҳияти ва эришган ютуғида намоён бўлади.
Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида «Янги ўқув йилида таълим сифати ва давоматни таъминлаш» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда янги ўқув йилида таълим сифатини ошириш, ўқувчилар давоматини таъминлаш ва бу борада белгиланган устувор вазифалар хусусида ахборот берилди.
Тадбирда бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдумалик Абдураҳмонов, бошқарма бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Даврон Исоқов ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Айни пайтда вилоятдаги 351 та таълим муассасасида 168 минг 29 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шундан 158 минг 905 нафари 314 та умумий ўрта таълим мактабида, 3 минг 419 нафари 12 та ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олмоқда. Президент мактабида 143 нафар, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида 168 нафар, 23 та нодавлат мактабда эса 5 минг 394 нафар ўқувчига билим берилмоқда.
2026–2027 ўқув йилида 19 минг 566 нафар бола биринчи синфга қабул қилинди. Уларнинг 19 минг 35 нафари давлат умумтаълим мактабларида, 531 нафари нодавлат таълим муассасаларида ўқишни бошлади.
Бироқ таълимда асосий мезон қамров эмас, натижа. Ўтган ўқув йилида 310 та мактабда ўқувчилар билимини баҳолашнинг янги тизими жорий этилиши натижасида таълим самарадорлиги 10,2 фоизга ошгани қайд этилди. Янги ўқув йилида эса бу натижани барқарор сақлаш ва янада юксалтириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу мақсадда ҳар бир ўқувчининг таълим натижаси индивидуал мониторинг қилинади. Билимида бўшлиқлар мавжуд ўқувчилар билан манзилли ишлаш, юқори натижа кўрсатаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилади.
Таълим сифатини халқаро мезонлар асосида баҳолашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўқувчиларни PISA ва PIRLS халқаро баҳолаш дастурларига тайёрлаш ишлари изчил давом эттирилади. Фан олимпиадаларида 32 минг нафардан зиёд ўқувчининг иштирок этгани эса ёшларнинг билим ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар кўламини кўрсатади.
Ўзлаштириш кўрсаткичи паст бўлган мактабларда эса фақат натижани қайд этиш билан чекланилмайди. Аввало, муаммонинг келиб чиқиш сабаблари чуқур ўрганилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланади. Амалга оширилган ишлар самараси эса қайта мониторинг қилинади.
Яъни ёндашув аниқ: муаммо аниқланади — сабаб ўрганилади — чора белгиланади — натижа қайта баҳоланади. Бу жараёнда ўқитувчининг ўрни беқиёс. Таълим сифатини ошириш учун педагогларнинг малакасини юксалтириш, замонавий педагогик технологияларни амалиётга жорий этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва фанлар кесимида методик кўмакни кучайтириш муҳим.
[gallery-31409]
Зеро, ўқитувчидан фақат юқори натижа талаб қилишнинг ўзи кифоя эмас. Педагогнинг ана шу натижага эришиши учун зарур методик ва амалий кўмак билан таъминланиши ҳам таълим сифатининг муҳим шартидир.
Таълим натижаси билан чамбарчас боғлиқ яна бир муҳим масала — давомат. Дарсда бўлмаган ўқувчи билим олиш жараёнидаги муҳим бир босқични ўтказиб юбориши ва бу кейинчалик ўзлаштиришда қийинчилик туғдириши мумкин. Шу боис янги ўқув йилида давоматни кунлик мониторинг қилиш, узрли ва узрсиз қолдирилган дарсларни алоҳида ҳисобга олиш, машғулотларга мунтазам қатнашмаётган ўқувчилар билан индивидуал ишлаш тизими кучайтирилади.
Энг муҳими, бу жараёнда мақсад ўқувчини жазолаш эмас, балки унинг дарсга келмаётгани сабабини аниқлаш ва таълимга қайтаришдир. Бунинг учун ўқувчининг оилавий шароити, таълимга муносабати ва ижтимоий муҳити ўрганилиб, ота-она, синф раҳбари, мактаб раҳбарияти ҳамда маҳалла ҳамкорлигида зарур чоралар кўрилади.
Чунки бир нафар ўқувчининг таълимдан узилиши шунчаки давомат кўрсаткичи эмас. Бу унинг билим олиши, қобилиятини рўёбга чиқариши ва келажакдаги имкониятларига таъсир қилиши мумкин бўлган муҳим омилдир. Шу нуқтаи назардан, 2026–2027 ўқув йилида белгиланган устувор вазифалар ўзаро узвий боғлиқ. Яъни ўқувчининг дарсларга мунтазам қатнашишини таъминлаш, олган билимини амалиётда қўллай олиш кўникмасини шакллантириш ва уни кейинги таълим босқичига тайёр, билимли ҳамда рақобатбардош шахс сифатида камол топтириш.
Барча саъй-ҳаракатларнинг бош мақсади эса — ўқувчига сифатли таълим бериш. Зеро, мактабда шаклланган билим ва кўникмалар нафақат ўқувчининг бугунги натижасини, балки унинг эртанги имкониятларини ҳам белгилайди. Шу маънода, таълим соҳасидаги ҳар бир натижа ортида ўқитувчи меҳнати, ўқувчининг интилиши ва тизимли ёндашув мужассам. Сифатли таълимни таъминлаш эса бир ўқув йили доирасидаги вазифа эмас. Бу келажак авлод олдидаги масъулият, мамлакат тараққиёти ва инсон салоҳияти учун бугундан яратилаётган мустаҳкам пойдевордир.
Матбуот анжумани якунида журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга бошқарма мутасаддилари ҳамда соҳа мутахассислари атрофлича жавоб беришиб, таълим сифати ва давоматни таъминлаш борасидаги режалар юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим қилишди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА