"Маҳорат мактаби"да бўлғуси журналистлар сабоқ олади
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими қошида 2022 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Маҳорат мактаби”га тингловчилар қабули бошланди.
Мактабнинг асосий мақсади – ёш ижодкорни назарий билимдан амалий кўникма сари етаклаш. Тингловчилар мактабда ахборотни излаш ва саралаш, воқеани кузатиш, фактни текшириш, журналистик матн тайёрлаш ва воқеликни холис ёритиш сирларини ўрганадилар.
[gallery-31403]
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф ёш ижодкорлар учун маҳорат сабоғини ўтди. Мулоқотда журналистика касбига бугунги талаб, ахборот билан ишлаш маданияти, ижодий ёндашув ва касбий масъулият хусусида фикр алмашилди.
Бугун ахборот оқими жадал янгиланаётган бир пайтда журналистдан тезкорлик билан бирга билим, таҳлил, саводхонлик ва юксак масъулият ҳам талаб этилади. Шу маънода “Маҳорат мактаби” устоз ва шогирдни, назария ва амалиётни боғлайдиган муҳим ижодий майдондир.
Тадбир якунида Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига янги қабул қилинганларга аъзолик гувоҳномаси ва кўкрак белгилари топширилди.
Зеро, бу мактабда берилган ҳар бир сабоқ эртага халқ дарди ва қувончини холис ифодалайдиган янги журналистикамиз сафини муносиб ёш кадрлар билан тўлдиришга хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари