Сайёр қабулда 22 та масала жойида ижобий ҳал этилди
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш борасидаги ислоҳотлар бардавомлигини таъминлаш борасидаги хайрли саъй-ҳаракатларда сиёсий партиялар ҳамда депутатлар фаол иштирок этиб келишмоқда. Наманганда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкилланган “Халқ билан бирга” дастури доирасидаги сайёр қабул ҳам айни шу эзгу мақсадга қаратилди.
Давлатобод туманидаги "Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани" ахборот кутубхонаcида бўлиб ўтган навбатдаги қабулда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Зафаржон Худойбердиев, Давлатобод тумани ҳокими Анвар Тожимирзаев, Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Сулаймонов ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳозир бўлишиб, фуқароларнинг мурожаат-таклифларини тингладилар.

Сайёр қабул давомида 50 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг аксарияти аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий, иқтисодий ва коммунал масалаларга оид бўлди. Хусусан, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви тармоқларини яхшилаш, электр энергияси таъминоти, солиқ масалалари, иш билан таъминлаш, нафақа тайинлаш, тиббий хизмат кўрсатиш, хусусий мактабгача таълим ташкилоти учун транспорт воситаси ажратиш каби масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Мурожаатларни масъуллар иштирокида ўрганиш натижасида 22 та масала жойида ижобий ҳал этилди. Жумладан, нодавлат болалар боғчаси тарбияланувчиларини уйидан боғчага олиб келиш ва қайтариш учун транспорт воситаси ажратиш масаласи бўйича амалий чоралар белгиланди.

Шунингдек, соғлиғида муаммоси бўлган 10 нафарга яқин фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга зарур тавсиялар берилди ҳамда ихтисослаштирилган даволаш муассасаларига йўлланмалар тақдим этилди.
Ишсиз фуқароларга мавжуд бўш иш ўринлари таклиф қилиниб, айрим фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар бошланди. Нафақа ва ижтимоий ёрдам тайинлаш билан боғлиқ қатор мурожаатларга ҳам масъул ташкилотлар иштирокида ечим топилди.

Қўшимча ўрганиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ёки тегишли ташкилотлар билан келишув талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди, ижро муддатлари белгиланди ва улар депутатлик назоратига олинди.
Сайёр қабулда ҳар бир мурожаатга шунчаки муаммо сифатида эмас, балки инсон тақдири ва манфаати билан боғлиқ масала сифатида ёндашиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

“Халқ билан бирга” дастури доирасидаги бундай очиқ мулоқотлар аҳоли ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, муаммоларни жойида ўрганиш ва уларга амалий ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Улар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.