Сифат — қурилишнинг бош мезони
Бугун қурилаётган ҳар бир бино — эртанги кунга қоладиган мерос. Айниқса, мактаб, уй-жой ва ижтимоий объектлар ҳақида сўз борганда, қурилишдаги ҳар бир сантиметр, ҳар бир материал ва ҳар бир технологик жараён инсон ҳаёти, хавфсизлиги ва қулайлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис қурилишда сифатни таъминлаш — оддий техник талаб эмас, балки инсон манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим шартидир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилиш соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини янгилаш, аҳоли учун муносиб яшаш, таълим олиш ва меҳнат қилиш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ҳам қурилиш объектларининг нафақат ташқи кўриниши, балки уларнинг мустаҳкамлиги, хавфсизлиги ва сифат кўрсаткичларига устувор аҳамият берилмоқда.
Бу жараёнда қурилиш соҳасида назоратнинг самарадорлигини ошириш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва ҳар бир объектда белгиланган меъёрларга қатъий амал қилиниши муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан Пешку туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 20-сон умумтаълим мактабида амалга оширилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари юзасидан назорат тадбири ўтказилди.

Ўрганишдан асосий мақсад таъмирлаш жараёнида бажарилаётган ишлар сифатини баҳолаш, уларнинг амалдаги қурилиш меъёрлари ва техник талабларга мувофиқлигини таъминлашдан иборат бўлди.
Назорат жараёнида мактаб ҳудудида ободонлаштириш ишлари доирасида амалга оширилган бетонлаштириш ишлари, шунингдек, имконияти чекланган фуқаролар учун мўлжалланган пиёдалар йўлаги қурилиши ҳам атрофлича кўздан кечирилди.
Ўрганиш давомида айрим ишлар белгиланган қурилиш меъёрлари ва сифат талабларига тўлиқ риоя этилмаган ҳолда бажарилгани аниқланди. Хусусан, бетонлаштириш ҳамда пиёдалар йўлагини барпо этиш жараёнида айрим техник талаблар бузилгани маълум бўлди.
Бу каби ҳолатларга бефарқ қараб бўлмайди. Чунки мактаб ҳудуди — ҳар куни юзлаб ўқувчилар, педагоглар ва ота-оналар ҳаракатланадиган маскан. Бу ердаги йўлаклар, майдончалар ва бошқа инфратузилма объектлари, энг аввало, хавфсиз ва қулай бўлиши шарт.

Айниқса, имконияти чекланган шахслар учун мослаштирилаётган йўлакларнинг сифатли ва белгиланган стандартларга мувофиқ барпо этилиши инклюзив муҳит яратишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, бажарилган ишларни белгиланган талаблар асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари сифатини таъминлаш юзасидан масъул ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди. Энг муҳими, берилган кўрсатмалар ижроси инспекция томонидан белгиланган тартибда назоратга олинди.
Назорат тадбирлари фақат ижтимоий объектлар билан чекланиб қолмаяпти. Вобкент туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “VOBKENT CITY” турар жой мажмуасида ҳам қурилиш ишларининг сифати ва белгиланган меъёрларга мувофиқлиги ўрганилди. Мазкур мажмуада “AMIRXAN BUILDINGS” МЧЖ томонидан кўп қаватли уй-жойлар қурилмоқда.
Назорат жараёнида қурилиш объектида фойдаланилаётган бетон плита маҳсулотларининг сифати, уларнинг белгиланган техник талабларга мувофиқлиги ҳамда маҳсулотларга тегишли мувофиқлик сертификатларининг мавжудлиги ўрганилди. Зеро, кўп қаватли уй-жой қурилишида ишлатиладиган ҳар бир материалнинг сифати бинонинг келгуси тақдирига бевосита таъсир қилади. Бир қарашда оддий қурилиш материали бўлиб кўринган маҳсулотнинг мустаҳкамлиги, техник кўрсаткичлари ва стандартларга мувофиқлиги бутун иншоотнинг ишончлилиги учун муҳим аҳамиятга эга.

Ўрганиш давомида қурилишда фойдаланилаётган бетон плита маҳсулотларининг сифати ва уларнинг тегишли ҳужжатлар билан таъминланганлиги юзасидан пудратчи ташкилот масъулларига зарур тушунтиришлар берилди. Шунингдек, қурилиш материалларидан фойдаланишда уларнинг сифат кўрсаткичлари ва мувофиқлик ҳужжатларига алоҳида эътибор қаратиш, амалдаги қурилиш меъёрлари ҳамда техник талабларга қатъий риоя этиш бўйича масъулларга тегишли тавсиялар берилди.
Қурилиш соҳасида назоратнинг аҳамиятини биргина рақам ёки ҳужжат билан баҳолаб бўлмайди. Назорат — аввало, инсон ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш, сарфланаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлаш ва келажакда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш демакдир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда қурилиш соҳасида сифат, шаффофлик, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва аҳоли учун қулай муҳит яратиш масалаларига тобора катта эътибор қаратилмоқда. Янги уй-жойлар, замонавий мактаблар, ижтимоий объектлар ва инфратузилма тармоқлари барпо этилаётган бир шароитда уларнинг белгиланган стандартлар асосида қурилиши долзарб вазифага айланмоқда.

Бунда назорат органларининг вазифаси фақат камчилик топишдан иборат эмас. Асосий мақсад — хато ва нуқсонларни ўз вақтида аниқлаш, уларни бартараф этишга эришиш, қурилиш жараёни иштирокчиларининг масъулиятини ошириш ва пировардида сифатли объект яратилишини таъминлашдир.
Пешку туманидаги мактабда аниқланган камчиликлар бўйича мажбурий кўрсатмалар берилиши, Вобкентдаги турар жой мажмуасида қурилиш материалларининг сифати ва ҳужжатлари ўрганилиши ана шу тизимли назоратнинг амалий ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири