Дўстликдан ҳамкорлик сари янги қадам қўйилди
Маданиятлар чорраҳаси бўлган қадим Бухоро бугун нафақат ўзининг минг йиллик тарихи ва бетакрор обидалари, балки дунё халқлари билан тобора кенгайиб бораётган дўстона ва ҳамкорлик алоқалари билан ҳам эътибор марказида. Айниқса, ёшлар таълими, илм-фан, маданият ва гуманитар ҳамкорлик йўналишларида халқаро алоқаларнинг мустаҳкамланиши янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона муносабатлар изчил ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг хорижий давлатлар, хусусан, Европа мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, таълим, илм-фан, маданият ва ёшлар алмашинувини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари бу жараёнга мустаҳкам замин яратмоқда.
Ана шундай эзгу ва истиқболли алоқаларнинг Бухородаги амалий ифодаси сифатида Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фук Уалиднинг Бухоро давлат педагогика институтига ташрифини алоҳида таъкидлаш мумкин.
Элчи институт ректори Баҳодир Маъмуров ҳамроҳлигида олий таълим муассасасида талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, таълим жараёни учун барпо этилган инфратузилма, ёшларнинг илмий, маънавий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган имкониятлар билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида меҳмон институтнинг “Ёшлар боғи”да ҳам бўлиб, бу ерда ёшлар учун яратилган муҳит, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун мавжуд шароитларни кўздан кечирди. Мазкур масканда келгусида йирик маданий тадбир ташкил этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилгани ташрифнинг муҳим натижаларидан бири бўлди.

Бу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, маданият — халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган, тарих ва бугунни боғлайдиган, қалблар ўртасида кўприк яратадиган бебаҳо воситадир. Айниқса, бундай тадбирларни ёшлар масканида ташкил этиш навқирон авлод вакилларининг жаҳон маданияти билан яқиндан танишиши, турли халқларнинг қадриятлари ва анъаналарини англаб етиши учун катта имконият яратади.
Учрашувда Бухоро вилояти ва Франция ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда халқлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фук Уалид Бухоро давлат университетига ҳам ташриф буюриб, университет раҳбарияти билан таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар йўналишларда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Мулоқот давомида, хусусан, француз тилини ўқитиш ва ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида академик алмашинувни ривожлантириш, қўшма илмий-таълим лойиҳаларини амалга ошириш, ёшлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш каби муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу жиҳатлар бугунги таълим жараёнининг энг муҳим талабларидан бири — ёшларни халқаро майдонда рақобатбардош, билимли, дунёқараши кенг ва замонавий кўникмаларга эга мутахассислар этиб тарбиялаш билан бевосита боғлиқ.
Айниқса, чет тилларини чуқур ўрганиш, хорижий олий таълим муассасалари билан академик ҳамкорликни кенгайтириш ва профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш имкониятларининг ортиши Бухородаги олий таълим муассасаларининг халқаро таълим маконидаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Учрашувда жорий йил октябрь ойида Бухорода ўтказилиши режалаштирилаётган Франция маданияти кунлари масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур тадбир Бухоро ва Франция ўртасидаги маданий алоқаларни янада жонлантириш, икки халқнинг ўзаро бир-бирини чуқурроқ англашига хизмат қилиши кутилмоқда. Тадбир доирасида француз халқининг бой ва ранг-баранг маданий мероси, санъати, мусиқаси, кинематографияси, илм-фани, адабиёти ҳамда замонавий ижод намуналари Бухоро аҳолиси ва шаҳарга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонларга кенг намойиш этилиши режалаштирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири