Энг фаол фахрий ходимлар беллашди
Сурхондарё вилояти ички ишлар органларининг фахрий ходимлари ўртасида “Йилнинг энг фаол фахрий ходими” кўрик-танлови вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда вилоят ички ишлар бошқармасининг соҳавий хизматлари ва туман, шаҳар ички ишлар бўлимларининг энг фаол фахрий ходимлари иштирок этди.
Мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаб, уларни соғломлаштириш, бўш вақтини мазмунли ўтказиб, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Мазкур танлов ҳам фахрийларни қўллаб-қувватлашда ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётир.

Кўрик-танловда фахрий ходимлар учта шарт асосида ўзаро беллашиб, ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Дастлаб спортнинг шахмат-шашка тури бўйича мусобақалашиб, хотирасини мустаҳкамлаган, стратегия тузиш ва мантиқий фикрлаш қобилиятини намойиш этди. Юртимиз ва жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан қай даражада хабардорлигини синовдан ўтказадиган тезкор саволларга жавоб берди. Учинчи шартда иштирокчи фахрий ходимларнинг иш фаолиятини акс эттирувчи фотоальбом ва амалга оширган ишлари маълумотномаси ўрганилди.

Кўрик-танлов якунида истеъфодаги подполковник Зокиржон Худоймуродов фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўринни истеъфодаги катта сержант Эркин Саитов эгаллади. Учинчи ўрин истеъфодаги майор Камол Ўзбековга насиб этди.

Ғолиб ва ва совриндорлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири