Ментор-тарбиячилар билим ва малакасини оширди
Самарқандда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг узлуксиз касбий ривожланишини таъминлашга қаратилган миллий мураббийлар ва тренер-менторлар учун минтақавий тренинг ўтказилди.
Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида фаолият юритаётган 30 нафар миллий тренер ва тренер-менторлар иштирок этган тадбирда менторлик даврининг муҳим босқичлари – машғулот жараёнини самарали кузатиш, кузатув натижаларини таҳлил қилиш, рефлексив мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда педагогларга конструктив ва ривожлантирувчи фикр-мулоҳаза бериш бўйича амалий кўникмалар мустаҳкамланди.
Иштирокчилар назарий билимларни амалий топшириқлар, вазиятли машқлар ва реал менторлик жараёнларига яқин сценарийлар орқали синовдан ўтказди.
Айниқса, ментор ва педагог ўртасидаги самарали мулоқот, холис кузатув ва педагогик фаолиятни ривожлантиришга йўналтирилган фикр-мулоҳаза бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинар-тренинг якунида Ислом тараққиёт банки минтақавий маркази раҳбари Ҳаммад Ҳундал, ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги таълим бўйича раҳбари Алберто Бианcоли, ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги вакили Регина Мария Кастилло, шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари иштирок этиб, мазкур ўқув мактабгача таълим тизимида менторлик институтини янада ривожлантириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим амалий қадам бўлганини таъкидлади. Тренинг иштирокчиларига сертификатлар топширилди.


Тадбир доирасида Ислом тараққиёт банки ва ЮНИСЕФ масъуллари Самарқанд шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби ва 67-давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, таълим-тарбия жараёни, ўқувчилар ва тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар ва таълим сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.


Шунингдек, меҳмонларга SmartED лойиҳаси доирасида жорий этилаётган янги мактабгача таълим ўқув дастури, жумладан, “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида амалга оширилаётган замонавий ва инклюзив таълим ёндашувлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири