Сиэтл мери 1 сентябрни “Ўзбекистон мустақиллиги куни” деб эълон қилди
АҚШнинг Сиэтл шаҳри мери Кети Б.Уилсон 2026 йил 1 сентябрни шаҳарда “Ўзбекистон мустақиллиги куни” деб расман эълон қилди. Бу ҳақда мер томонидан имзоланган махсус прокламацияда қайд этилган.
Прокламацияда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатнинг ушбу давр мобайнида суверенитет, барқарор тараққиёт ва кенг кўламли ислоҳотлар йўлидан ўтгани таъкидланган.
Ҳужжатда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга давлат экани, мамлакат иқтисодиёти йиллик 5–6 фоиз атрофида ўсаётгани ҳамда очиқ бозор тамойиллари ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётгани қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг қадимий Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани ва бугунги кунда 100 миллиондан ортиқ истеъмолчини қамраб олувчи минтақага стратегик дарвоза вазифасини бажариши алоҳида эътироф этилган. Мазкур омиллар Сиэтл бизнес ҳамжамияти учун савдо, инвестиция, логистика, технология ва энергетика йўналишларида янги ҳамкорлик имкониятларини яратиши қайд этилган.
Прокламацияда Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги Бош консуллиги фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Консуллик икки томон ўртасида одамлар, бизнес вакиллари ва давлат идоралари даражасидаги узоқ муддатли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланган.
Шу тариқа, Сиэтл шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 1 сентябрь - “Ўзбекистон мустақиллиги куни” сифатида расман эътироф этилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА