Тиббий таълим ва аҳоли саломатлиги йўлида: мавжуд муаммолар ва устувор вазифалар
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари томонидан Қорақалпоғистон тиббиёт институти, Қорақалпоғистон Республикаси шошилинч тиббий ёрдам маркази ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги 2-сон Нукус жамоат саломатлиги техникуми фаолияти ўрганилди.
Ўрганишлар давомида тиббий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимининг бугунги ҳолати, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқув жараёнига замонавий ёндашувларни жорий этиш, муассасаларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш ҳамда педагоглар ва тиббиёт ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, тиббиёт соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлашда назарий билимларни амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш, моддий-техник имкониятлардан самарали фойдаланиш ва таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси шошилинч тиббий ёрдам марказидаги ўрганишлар чоғида аҳолига тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, хизматлар самарадорлигини ошириш, тиббиёт ходимлари фаолияти учун зарур шароитларни таъминлаш ҳамда марказнинг моддий-техник имкониятларидан унумли фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқотларда тизимда учраётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш бўйича аниқ ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди. Бу жараёнда парламент, тегишли ташкилотлар ва тиббиёт муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашувлар якунида муассасалар вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қийнаётган масалалар, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш йўллари ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, тиббий таълим сифатини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини юксалтириш ўзаро узвий боғлиқ жараёнлардир. Шу боис, аниқланган муаммоларни тизимли ҳал этиш, илгари сурилган таклифларни амалий жиҳатдан кўриб чиқиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири