Самарқанд таржимашунослик мактабига асос солган олим
Самарқанд қадимдан Шарқ илм-фани, адабиёти ва маданиятининг муҳим марказларидан бири сифатида шаклланган. Ҳозирда ҳам мазкур илмий анъананинг филологик йўналишлари тилшунослик, адабиётшунослик, қиёсий тадқиқот ва таржимашунослик билан узвий алоқада ривожланиб келмоқда. Ана шу жараёнда профессор Ибодулла Мирзаевнинг илмий ва педагогик фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. 2026 йилда Сергей Николаевич Ивановнинг “Ўзбек тили синтаксиси бўйича очерклар” асарининг олим И.Мирзаев таржимасида нашр этилиши мазкур илмий-таржимавий фаолиятнинг муҳим намуналаридан биридир.
Китобда таржимоннинг илмий-биографик кириш сўзи берилган бўлиб, унда Иванов меросининг туркийшунослик, ўзбекшунослик, таржимашунослик ва адабиётшунослик билан боғлиқлиги ёритилади. Манбада олимнинг таржимон сифатидаги вазифаси илмий матнни бошқа тилга кўчириш билангина чекланмасдан, ундаги назарий қарашларни ўзбек илмий тилида қайта ифодалаш билан боғлиқ экани алоҳида таъкидланган. Илмий мактаб тушунчаси фақат бир олимнинг индивидуал фаолияти билан белгиланмайди. У муайян методологик тамойиллар, тадқиқот анъаналари, илмий раҳбарлик, шогирдлар фаолияти, нашриёт ва илмий мулоқот тизими орқали шаклланади. Шу нуқтаи назардан, И.Мирзаев фаолиятини Самарқанд таржимашунослик мактабининг шаклланиши билан боғлаш учун унинг таржимонлик амалиёти билан бир қаторда, илмий-ташкилий ва педагогик фаолиятини ҳам ҳисобга олиш лозим.
Профессор Ибодулла Мирзаев ташаббуси билан ташкил этилган “Илмий таржима” лабораториясида ўндан ортиқ (PhD) диссертациялар ҳимоя қилингани, кафедрада фан ва таржима билан боғлиқ илмий фаолият тизимли давом этаётганини кўрсатади. Олим таржимасининг энг муҳим жиҳатларидан бири илмий терминология билан ишлаш тамойилидир. С.Н.Иванов асарининг ўзбекча нашрига ёзилган “Таржимондан” қисмида рус тилидаги синтактик терминларни ўзбек тилининг ички қонуниятлари ва мавжуд терминологик анъаналар билан уйғунлаштириш зарурати қайд этилади. Айрим терминларнинг бевосита эквиваленти мавжуд бўлмаганда семантик жиҳатдан мос муқобил ёки изоҳли таржима усулидан фойдаланиш зарурлиги кўрсатилган.
Бу ёндашув таржимашунослик нуқтаи назаридан жуда муҳим. Чунки илмий матнда термин оддий луғавий бирлик эмас, балки муайян назарий тушунчанинг номидир. Термин нотўғри ёки юзаки таржима қилинса, бутун илмий концепциянинг мазмуни бузилиши мумкин. Шу сабабли И.Мирзаев тажрибасида таржимон бир вақтнинг ўзида тилшунос, терминолог ва илмий муҳаррир вазифаларини бажаради. Манбада таржимон оригинал матннинг илмий услуби, мантиқий изчиллиги ва терминологик аниқлигини сақлашни устувор вазифа сифатида белгилагани кўрсатилади. Шу билан бирга, ўзбек тилининг табиий нутқ меъёрларини таъминлаш учун айрим жумлалар қайта тузилган, мураккаб синтактик қурилмалар соддалаштирилган ёки изоҳлар билан бойитилган.
Профессор И.Мирзаев таржимасида қиёсий ёндашув алоҳида аҳамият касб этади. Иванов тадқиқотининг ўзи ўзбек ва бошқа туркий тиллар синтаксисини қиёсий ўрганишга таянган. Таржимон эса мазкур илмий концепцияни ўзбек тилига кўчириш жараёнида рус тилшунослиги терминлари билан ўзбек тилшунослиги анъаналарини мувофиқлаштиради. Натижада таржима икки тил ўртасидаги лингвистик мосликни эмас, икки илмий анъана ўртасидаги методологик мулоқотни ҳам таъминлайди. Манбада рус тилшунослигидаги кесимлик, бош ва иккинчи даражали гап бўлаклари каби назарий тушунчаларни ўзбек синтактик тизими билан уйғунлаштириш таржимондан қиёсий таҳлил ва илмий мослаштириш кўникмасини талаб қилгани таъкидланади.
Шу жиҳатдан таржима жараёни чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик кесишган нуқтада юзага келади. Манбада С.Н.Ивановнинг таржимонлик фаолияти туркий халқлар адабий меросини бошқа илмий-маданий маконга олиб кирган восита сифатида баҳоланади. Хусусан, унинг Алишер Навоий ижодини, жумладан “Ҳазойин ул-маоний”ни таржима қилишдаги фаолияти бадиий-эстетик мазмун, образлар тизими, аруз, поэтик тимсоллар ва Шарқ шеъриятининг нозик маъноларини қайта яратиш масалалари билан боғланади.
Профессор И.Мирзаевнинг илмий таржимонлик тажрибаси ҳам айнан шу кенг қамровли ёндашув билан тавсифланади. Самарқанд давлат университетининг расмий саҳифасида у Э.Бертелс, Э.Лотман, Л.Шчерба, С.Карсевский, С.Иванов, В.Гак ва бошқа олимларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилгани, шунингдек, рус ва жаҳон адабиёти вакилларининг асарларидан таржималар амалга оширилгани қайд этилган. Демак, унинг таржимонлик фаолияти икки асосий йўналишни – илмий таржима ва бадиий таржимани бирлаштиради.
Бу икки йўналиш туташуви Самарқанд таржимашунослик мактабининг ўзига хос жиҳатларидан бири сифатида кўринади. Бадиий таржимада шеърий ва нафосат мезонларига мослик талаб қилинса, илмий таржимада тушунча ҳамда атамаларнинг аниқ муқобиллиги талаб этилади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам матнни чуқур идрок этиш, миллий-маданий муҳитни англаш ва она тилининг барча бойликларидан унумли фойдалана олиш зарур.
Олимнинг таржимашуносликдаги ўрнини фақат таржима қилинган асарлар сони билан баҳолаш етарли эмас. Унинг фаолиятида таржимонлик, илмий тадқиқот, педагогик раҳбарлик ва илмий ташкилотчилик бир тизимда намоён бўлади. Шу сабабли “Самарқанд таржимашунослик мактаби” тушунчасини олим И.Мирзаевнинг шахсий таржимонлик маҳоратидан кенгроқ, илмий анъана, методология, шогирдлар мактаби, таржима лабораторияси, илмий нашрлар ва халқаро илмий алоқалар мажмуаси сифатида талқин қилиш мақсадга мувофиқ.
Манбалар асосида Самарқанд таржимашунослик мактабининг И.Мирзаев фаолияти билан боғлиқ қуйидаги тамойилларини ажратиш мумкин: биринчидан, манба матнининг илмий концепциясига содиқлик; иккинчидан, терминологик эквивалентлик ва изчиллик; учинчидан, таржима тилининг табиий меъёрларини сақлаш; тўртинчидан, қиёсий-лингвистик таҳлил; бешинчидан, матннинг миллий-маданий контекстини ҳисобга олиш; олтинчидан, таржимани илмий тадқиқот ва педагогик фаолият билан уйғунлаштиришдир. Бу тамойиллар С.Н.Иванов асари таржимасида, айниқса, яққол кўринади. Таржимон илмий матннинг мантиқий тузилишини сақлаш билан бирга, ўзбек тилида табиий ва тушунарли ифодани таъминлашга интилган.
Бу эса “сўзма-сўз” ва “эркин таржима” ўртасидаги оддий қарама-қаршиликдан кўра мураккаброқ, яъни илмий мазмунни сақлаган ҳолда илмий нутқ шаклини яратишга асосланган ёндашувдир. Мазкур мактабнинг аҳамияти, аввало, ўзбек илмий тилининг имкониятларини кенгайтириш билан белгиланади. Чет тилидаги назарий асарлар ўзбекчага таржима қилинар экан, янги терминлар, назарий категориялар ва илмий ифода шакллари миллий илмий муҳитга кириб келади. Бу жараён ўзбек тилининг илмий-услубий имкониятларини бойитиш билан бирга, мутахассисларнинг хорижий илмий мактаблар билан бевосита мулоқотини ҳам кучайтиради.
Таржима ва қиёсий филология доимо бир-бирига таянади. Профессор И.Мирзаев Европа (Ғарб) ва рус тилшунослигидаги замонавий лингвистик назарияларни (структурализм, семиотика, герменевтика, дискурс таҳлили) ҳамда туркий тиллар тажрибасини ўзбек илмий муҳитига олиб кирди ва уларни миллий ва халқаро тадқиқот методологиясига мослаштирди. Таржима мактабининг барқарорлиги фақат алоҳида таржималар билан эмас, балки кейинги авлод тадқиқотчиларининг илмий қарашлари ва амалий кўникмаларида давом этади.
Самарқанд илмий-филологик муҳитида таржимашуносликнинг алоҳида йўналиш ва тизимли илмий-тадқиқот соҳаси сифатида қарор топиши ҳамда унинг методологик асослари бойишида профессор И.Мирзаевнинг таржимавий ва илмий мероси алоҳида ўринга эга. Унинг фаолиятини “Самарқанд таржимашунослик мактаби” билан боғлашга асос бўладиган жиҳатлар – таржима лабораториясининг ташкил этилиши, илмий ва бадиий асарларнинг мунтазам таржима қилиниши, таржима бўйича илмий кадрлар тайёрланиши, қиёсий тилшунослик ва таржимашуносликнинг ўқув-илмий йўналиш сифатида ривожлантирилиши ҳамда илмий нашрлар ва халқаро алоқаларнинг йўлга қўйилганидир. С.Н.Ивановнинг “Ўзбек тили синтаксиси бўйича очерклар” асари таржимаси эса мазкур мактабнинг илмий таржима тамойилларини аниқ кўрсатадиган замонавий намунасидир. Унда терминологик аниқлик, концептуал тафаккур, қиёсий таҳлил ва ўзбек илмий нутқининг табиийлиги уйғунлашган.
Соҳада олиб борилаётган фундаментал тадқиқотлар кўлами кенгайиб бораётган ҳозирги босқичда навоийшуносликда нисбатан янги, аммо амалий аҳамияти беқиёс бўлган муҳим бир йўналиш шаклланди. Назарий ва амалий мезонлари тобора равшанлашиб бораётган ушбу тармоқни шартли равишда “навоийшунослик таржимачилиги” деб номлаш мумкин. Ушбу йўналиш фундаментал манбашунослик, қиёсий адабиётшунослик ва таржимашуносликнинг ўзаро туташув нуқтасида пайдо бўлиб, Алишер Навоий меросини ўрганиш ҳамда оммалаштиришнинг манбашунослик базасини бойитишга хизмат қилмоқда. Профессор Ибодулла Мирзаев ана шу янгича илмий йўналишнинг шаклланиши ва ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган фидойи олимлардан биридир.
Тадқиқотчи атоқли шарқшунос-навоийшунос Бертелснинг навоийшунослик тарихида мумтоз намуна деб эътироф этилган дастлабки фундаментал асарларини рус тилидан ўзбек тилига маҳорат билан ўгириб, миллий манбашунослигимиз хазинасини муҳим назарий асарлар билан бойитмоқда. Хусусан, олимнинг кўп йиллик заҳматли меҳнати маҳсули бўлган Бертелснинг “Навоий” номли академик монографиясининг тўлиқ ўзбекча таржимаси илмий жамоатчилик ва кенг китобхонлар томонидан юқори баҳоланди. Олимнинг “Навоий”, “Жомий”, “Суфизм ва тасаввуф адабиёти”, “Навоий ва Аттор” каби фундаментал асарлари, шунингдек, Навоийнинг “Садди Искандарий” достони ва унгача битилган “Искандарнома”ларга бағишланган таҳлилий тадқиқотларининг ўзбек тилига таржима қилиниши миллий навоийшунослигимиз учун истиқболли илмий ғояларни амалга оширишга хизмат қилади. Бундай кенг кўламли таржима ишларининг айнан Самарқандда изчил амалга оширилаётгани манбашунослик ва академик навоийшунослик соҳасида Самарқанд илмий мактабининг жаҳондаги етакчи илмий марказлар билан тенг мулоқот қила олиш салоҳиятини ҳамда дунё илм-фани билан ҳамнафас ҳолда фаол ташаббус кўрсатаётганини ёрқин намоён этади
Олимнинг илмий-амалий фаолияти шунчаки таржима амалиёти билан чекланиб қолмай, лингвистик ва адабиётшунослик тамойилларига асосланган яхлит илмий концепцияни ўзида мужассам этади. И.Мирзаев таржимашуносликни мустақил ва тизимли илм-фан соҳаси сифатида шакллантиришда етакчи ташаббускор бўлди. Олим томонидан Самарқанд давлат университетида “Илмий таржима” лабораториясининг ташкил этилиши таржима жараёнларини назарий ва тажрибавий асосда ўрганиш имконини берди. У таклиф этган илмий-методологик ёндашувлар матнни қиёсий-чоғиштирма ўрганиш ҳамда миллий ва халқаро таржима анъаналарини уйғунлаштиришга хизмат қилди. Олимнинг дастлабки илмий изланишларидаёқ (хусусан, французча хос сўзлар тадқиқига бағишланган номзодлик диссертацияси) лингвистик ва терминологик маданият масалалари устувор ўрин эгаллаган.
Профессор И.Мирзаев матндаги нарса-ҳодисаларнинг ўзини эмас, балки уларнинг семантик ва коннотатив номларини таржима қилиш зарурлигини илмий асослаб берди ҳамда французча-ўзбекча параллельсияда хос сўзлар (реалиялар) таснифини ишлаб чиқди. Самарқандда юқори малакали таржимашунос ва филолог кадрлар тайёрлашнинг мустаҳкам тизими олимнинг саъй-ҳаракатлари билан чамбарчас боғлиқ.
Профессор Ибодулла Мирзаев Самарқанд таржимашунослик мактабининг ғоялар негизини ҳамда амалий йўл-йўриқларини белгилаб берган, унинг илмий нуфузини юксалтирган ва ушбу соҳани юксак илмий даражага олиб чиққан буюк олим ҳамда фидойи устоздир.
Бадиа Муҳиддинова,
Шароф Рашидов номидаги СамДУ
Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти профессори,
филология фанлари доктори (DSc)
ЎзА