Ўзбекистон аэропортлари яқинида ҳаво сифатини назорат қилиш станциялари ўрнатилмоқда
“Uzbekistan Airports” АЖ мамлакат аэропортлари яқинида атмосфера ҳавоси сифатини автоматик мониторинг қилиш тизимини жорий этмоқда.
Қайд этилишича, ҳудудларда мониторинг станциясини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилган. Хусусан, жорий йил 15 октябрь куни Фарғона аэропорти яқинида мониторинг станцияси ўрнатилди. 9 октябрь куни эса Самарқанд аэропорти ҳудудида шунга ўхшаш ускуналарни ўрнатиш ва созлаш ишлари якунланди. Келгусида бошқа аэропортлар яқинида ҳам бундай станцияларни ўрнатиш режалаштирилган.
Ускуналар аэропортларнинг санитария-муҳофаза зоналарида жойлаштирилиб, атмосфера ҳавоси ҳолатини кеча-ю кундуз кузатишга мўлжалланган. Станциялар азот диоксиди, олтингугурт диоксиди, углерод оксиди, озон, аммиак ва водород сульфид каби ифлослантирувчи моддалар, шунингдек, майда PM2.5 ва PM10 заррачаларининг ҳаводаги концентрациясини ўлчайди. Шу билан бирга, тизим ҳаво ҳарорати ва намлиги, атмосфера босими, шамол тезлиги ҳамда йўналишини ҳам қайд этади.
Ўлчов натижалари автоматик тарзда атроф-муҳит мониторинги ягона геоахборот маълумотлар базасига узатилади. Бу эса аэропортлар атрофидаги ҳаво сифати ўзгаришларини мунтазам кузатиш ва экологик ҳолатни баҳолаш имконини беради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА