Швеция “яшил энергия” етакчисига айланган, бироқ...
Европада энг “тоза” электр энергияси ишлаб чиқараётган давлатлардан бири ҳисобланган Швеция кутилмаган муаммога дуч келган. Мамлакат электр энергиясининг 99 фоизини кам углеродли манбалардан олаётганига қарамай, шамол энергетикасига қарши нохолис ахборот кескин кўпайган.
"Wind Europe" ва "CASM Technology" тадқиқотига кўра, ижтимоий тармоқда шамол энергетикасига қарши 42 000 дан ортиқ шундай маълумот тарқатилган. Таҳлилчилар бу манбанинг салмоқли қисми атайлаб уюштирилган ёлғон ёки чалғитувчи маълумотдан иборатлигини таъкидламоқда. Энг кўп материал айнан Швецияда тарқалган.

Мутахассислар таъкидлашича, асосий эътибор шамол турбинасини “иқтисодий самарасиз”, “табиат учун хавфли” ёки “сиёсий элита лойиҳаси” сифатида кўрсатишга қаратилган. Ҳатто, айрим ахборотларда шамол энергетикаси электр узилиши ва қишлоқ хўжалиги инқирозига сабаб бўлиши, соғлиққа зарар етказиши таъкидланган.
Тадқиқот муаллифлари фикрича, бундай ахборот хуружлари фақат энергетика соҳасига эмас, балки Европа хавфсизлигига ҳам таҳдид солмоқда. Зеро, қайта тикланувчи энергия лойиҳалари амалга ошиши кечикиши Европа давлатларининг ташқи энергия манбаларига қарамлигини кучайтириши мумкин. Экспертлар нохолис ахборот энди фақат онлайн муҳокама эмас, балки сиёсий қарорлар ва кундалик турмушдаги қаршилик ҳаракатига ҳам таъсир кўрсатаётганидан хавотир билдирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА