Финляндия билан рақамли ҳукумат соҳасида ҳамкорлик муҳокама қилинди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Финляндия Республикасига амалга ошираётган хизмат сафари доирасида қатор учрашувлар ўтказди.
Жумладан, вазир Финляндиянинг Давлат бошқаруви институти директори Кюости Вякевяйнен ҳамда Рақамли ва аҳоли маълумотлари агентлиги директори Микко Маттенен билан музокаралар олиб борди.


Учрашувлар давомида давлат хизматлари самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, рақамли ҳукумат тизимини ривожлантириш, давлат бошқарувига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда илғор фин тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар 2025 йил 29 октябрь — 1 ноябрь кунлари Финляндия Республикаси Президенти Александр Стуббнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва Финляндиянинг Давлат бошқаруви институти (HAUS) ўртасидаги Англашув меморандуми”нинг амалий ижросига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш, мутахассислар малакасини ошириш, ёш кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА