Сунъий йўлдош алоқа технологияларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Келажакда интернет фақат шаҳар марказларида эмас, энг олис ҳудудларда ҳам бирдек тез ва барқарор бўлиши рақамли тараққиётнинг муҳим шартларидан бирига айланмоқда. Шу маънода, сунъий йўлдош алоқаси соҳасидаги халқаро ҳамкорликлар Ўзбекистон учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Amazon Leo компаниясининг Марказий Евроосиё бўйича бизнесни ривожлантириш раҳбари Иван Зайцев билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда сунъий йўлдош алоқа технологиялари ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, паст орбитал сунъий йўлдош (LEO) технологияларидан фойдаланиш орқали барқарор ва ишончли рақамли хизматларни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокараларда мамлакатнинг жадал ривожланаётган рақамли иқтисодиёти ва технологик экотизимини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи хавфсиз, замонавий ва барқарор сунъий йўлдош алоқа инфратузилмасининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА