CyberWeek 2.0 Қарши шаҳрида бўлиб ўтди: UZCARD, ИИВ ва Марказий банк киберхавфсизлик бўйича ҳудудий ташаббусни давом эттирмоқда
2026 йил 21–22 май кунлари Қарши шаҳрида CyberWeek 2.0 ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳа UZCARD, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маҳаллалар уюшмасининг аҳолининг рақамли саводхонлигини ривожлантириш, замонавий кибертаҳдидлар ҳақида хабардорлигини ошириш ҳамда аҳолида ва молия сектори вакилларида рақамли молиявий сервисларидан хавфсиз фойдаланиш маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ташаббусидир.Рақамли сервисларнинг фаол ривожланиши ва кибержиноятлар сонининг ортиб бориши шароитида фирибгарликнинг олдини олиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда фойдаланувчиларнинг кибермаданият даражасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

CyberWeek 2.0 2025 йилда Бухоро, Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида ўтказилган соҳага оид тадбирлар туркумининг давоми бўлди. Лойиҳа молия сектори вакиллари, давлат органлари, ахборот хавфсизлиги бўйича экспертлар ҳамда ҳудудий ҳамжамиятларни киберхавфсизлик ва рақамли сервислар фойдаланувчиларини ҳимоя қилиш соҳасидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш учун бирлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги олти йил ичида кибержиноятлар билан боғлиқ мурожаатлар сони 48 бараварга ошган. Фақат ўтган йилнинг ўзида фирибгарлик ҳолатларининг 82 фоизи ва ўғрилик ҳолатларининг 76 фоизи кибермаконда содир этилган, умумий моддий зарар эса 2 трлн сўмдан ошган.

Энг кўп учрайдиган схемалар қаторига фишинг ҳаволалар, онлайн савдодаги фирибгарлик, сохта инвестиция лойиҳалари ҳамда ижтимоий муҳандислик усуллари киради. Бундай шароитда аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш давлат, молия сектори ва соҳага ихтисослашган ташкилотлар учун асосий вазифалардан бирига айланмоқда.
Қарши шаҳридаги тадбир дастури икки кунга мўлжалланган бўлиб, эксперт учрашувлари, таълим сессиялари ва амалий муҳокамаларни ўз ичига олди.

Биринчи куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки биносида минтақа банк сектори ходимлари учун матбуот анжумани ва ихтисослаштирилган семинар бўлиб ўтди. Иштирокчилар нақдсиз тўловлар хавфсизлиги, рақамли фирибгарликка қарши курашиш, антифрауд ёндашувларни ривожлантириш ҳамда молиявий инфратузилманинг замонавий кибертаҳдидларга нисбатан барқарорлигини оширишга оид долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Тадбирнинг иккинчи куни минтақа маҳалла тизими вакиллари учун семинар Мустақиллик шоҳ кўчаси, 35-уй, “Ўзбекнефтгаз” биносида бўлиб ўтди. Асосий эътибор аҳолининг рақамли саводхонлиги, фирибгарликнинг олдини олиш, ижтимоий муҳандислик усуллари ҳамда фуқароларнинг молиявий сервислардан хавфсиз фойдаланиш борасидаги хабардорлигини ошириш масалаларига қаратилди.

UZCARD томонидан тадбирда қуйидагилар иштирок этди:
— ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича директор Андрей Шишкин;
— ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича директор ўринбосари Ботиржон Шокамолов;
— PR & CSR бўлими бошлиғи Сабина Батиршина;
— жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўлими бошлиғи Даврон Хайруллаев.
Шунингдек, CyberWeek 2.0 иштирокчилари ва ҳамкорлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда маҳалла тизими вакиллари қатнашди.
Бугунги кунда рақамли молиявий сервисларнинг ривожланиши ишонч, хавфсизлик ва фойдаланувчилар саводхонлиги масалалари билан бевосита боғлиқ. Рақамли таҳдидлар жадал ортиб бораётган шароитда CyberWeek 2.0 давлат органлари, молия сектори ва жамият ўртасида очиқ профессионал мулоқот учун муҳим майдонга айланмоқда.
Мазкур ташаббус барқарор рақамли муҳитни шакллантириш, аҳолининг замонавий фирибгарлик схемалари ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда Ўзбекистон ҳудудларида рақамли сервислардан хавфсиз фойдаланиш маданиятини ривожлантиришга қаратилган.
UZCARD. Қулай яшанг.
Реклама ҳуқуқи асосида