Ширинда замонавий “Касб маркази” фойдаланишга топширилди
Бугун мактабда олинган билим эртага касбга, касб эса муносиб келажакка айланади. Шу маънода, ёшларни мактаб давриданоқ касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг қизиқиш ва қобилиятини ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар алоҳида аҳамият касб этади.
Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Ширин шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида ўқувчилар учун замонавий “Касб маркази” фойдаланишга топширилди.
Янги марказнинг ташкил этилиши ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни амалий меҳнатга жалб қилиш ва келажак касбини танлашда дастлабки тажрибага эга бўлиши учун муҳим имконият яратди.

Мазкур лойиҳа 2025 йилги “Ташаббусли бюджет”нинг 2-мавсуми доирасида амалга оширилди. Ташаббус аҳоли томонидан қўллаб-қувватланиб, уни рўёбга чиқариш учун 800 миллион сўм маблағ ажратилди. 2026 йил 1-мавсумда эса марказни замонавий ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида қўшимча маблағлар жалб этилди.

Айни пайтда марказда ўқувчилар учун бир нечта йўналишда машғулот олиб бориш имконияти мавжуд. Хусусан, тикувчилик хонаси 6 та тикув машинаси, компьютер хонаси эса 32 та компьютер билан жиҳозланган. Дурадгорлик ва пазандачилик хоналарида ҳам амалий машғулотлар учун зарур жиҳозлар ўрнатилган.

Марказнинг очилишига бағишланган тадбирда шаҳар ҳокимлиги, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакиллари, мактаб жамоаси, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрийлар иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, бу каби ташаббуслар ёшларнинг қизиқишларини эрта аниқлаш, уларни муайян касбга йўналтириш ва мустақил ҳаётга тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Чунки касб танлаш жараёни фақат назарий тушунчалар билан эмас, балки амалий тажриба орқали янада самарали кечади.
Марказдаги машғулотлар ўқувчиларга турли касбларни амалда синаб кўриш имконини беради. Тикувчилик, дурадгорлик ва пазандачилик каби йўналишлар уларда меҳнат кўникмаларини шакллантирса, компьютер технологиялари бўйича машғулотлар рақамли саводхонликни ошириш ва замонавий технологияларга бўлган қизиқишни кучайтиришга хизмат қилади.

Айниқса, ўқувчининг ўз қобилияти ва қизиқишини амалда синаб кўриши келажакда тўғри касб танлаши учун муҳим қадамдир. Бундай имкониятлар ёшларда меҳнатсеварлик, масъулият, ижодкорлик ва мустақил қарор қабул қилиш каби фазилатларни ҳам шакллантиради.
Бугун меҳнат бозорида замонавий билим ва амалий кўникмага эга кадрларга талаб ортиб бормоқда. Шу боис таълим жараёнини касбий тайёргарлик билан уйғунлаштириш, ёшларни ҳаётга ва меҳнат фаолиятига эртароқ тайёрлаш муҳим вазифалардан саналади.

Ширин шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида фойдаланишга топширилган “Касб маркази” ана шу мақсадларга хизмат қилади. У ерда ўқувчилар нафақат янги ҳунарларни ўрганади, балки ўз қизиқишини англайди, қобилиятини синаб кўради ва келажакдаги касбий йўналиши ҳақида тасаввур ҳосил қилади.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида иш бошлаган мазкур марказ ёшларга муносиб туҳфа бўлиш билан бирга, уларнинг келажагига қаратилган амалий эътиборнинг яна бир намунаси бўлди. Зеро, касбга қизиқиш болаликдан уйғонади, маҳорат эса имконият берилган жойда шаклланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири