Божхона — тадбиркорга кўмакчи
Бугун мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун кенг имкониятлар яратиш, уларнинг ташқи бозорларга чиқишини рағбатлантириш иқтисодий сиёсатнинг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланган. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган тадбиркорга ишонч билдириш, унинг қонуний фаолиятига тўсиқ бўладиган бюрократик ғовларни бартараф этиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтиришга қаратилган ташаббуслар бугун жойларда амалий натижаларга айланмоқда.
Айниқса, тадбиркорлик субъектлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар бериш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Бухоро вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ва таркибий тузилмалари томонидан Шофиркон туманида фаолият юритаётган “SHAMSHIRGARON EFFEKT” МЧЖ корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти ўрганилди.
Кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхона бугунги кунда тўқимачилик саноатида ўз ўрнига эга бўлишга интилаётган замонавий ишлаб чиқариш субъектларидан бири ҳисобланади.
Корхона томонидан жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 2 миллион АҚШ доллари, умумий оғирлиги эса 370 тонна бўлган тўқимачилик ва кийим-кечак саноати учун зарур ускуналар, бутловчи қисмлар, кимёвий воситалар, бўёқлар ҳамда бошқа товарлар импорт қилинган.

Эътиборлиси, импорт қилинаётган маҳсулотлар шунчаки хомашё сифатида қолиб кетмаяпти. Улар корхонада замонавий ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилиниб, тайёр кийим-кечак маҳсулотларига айлантирилмоқда. Тайёр маҳсулотлар эса, аввало, ички бозор эҳтиёжини таъминлашга йўналтирилмоқда.
Бу эса импорт ҳажмининг ўзи эмас, балки ундан қандай самарали фойдаланилаётгани, қўшилган қиймат яратилаётгани ва маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳияти оширилаётгани билан аҳамиятлидир.
Ўрганиш жараёнида корхонанинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари, импорт қилинаётган товарлардан фойдаланиш самарадорлиги, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятлари ҳамда келгусида экспорт ҳажмини ошириш режаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида тадбиркорлик субъекти вакилларига божхона қонунчилигида назарда тутилган имкониятлар атрофлича тушунтирилди.
Хусусан, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан самарали фойдаланиш, ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш, тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтириш ва экспорт жараёнида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни олдиндан бартараф этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Бундай ёндашувнинг аҳамияти шундаки, тадбиркорга фақат талаб ва мажбуриятлар тушунтирилибгина қолмай, балки унинг фаолиятини янада ривожлантириш учун қонунчиликда мавжуд имкониятлар ҳам кўрсатилади.
Яъни, божхона органлари ва тадбиркор ўртасидаги муносабат энди фақат назорат билан чекланмай, қонуний фаолиятни рағбатлантириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ва янги имкониятларни биргаликда излаш тамойили асосида ривожланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири