Спорт — жамоавий руҳ ва соғлом ҳаёт мезони
Бугун мамлакатимизда аҳоли, айниқса, меҳнат жамоалари ўртасида спорт ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инсон саломатлигини асрашга қаратилган эзгу ташаббуслар тобора кенг қулоч ёймоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган соғлом ва фаол ҳаёт тарзини қарор топтириш, спортни ҳар бир жамоа ва ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириш борасидаги вазифалар бугун амалиётда ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Айни мақсадларга уйғун равишда Бухоро шаҳридаги “Ҳумо” спорт мажмуасида сув хўжалиги тизими ташкилотлари ходимлари ўртасида футзал бўйича “Сув хўжалиги вазири кубоги” мусобақасининг минтақавий босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди.
Ушбу мусобақа оддий спорт беллашуви эмас, балки бир тизимда меҳнат қилаётган фидойи инсонларни бир майдонда жамлаган, улар ўртасида ҳамжиҳатлик, дўстлик ва ўзаро ҳурматни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим тадбир бўлди.
Минтақавий босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилояти сув хўжалиги ташкилотларида ўтказилган саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган энг кучли жамоалар республика босқичига йўлланма учун баҳс олиб борди.
Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, “Чапқирғоқ-Амударё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, “Амударё-Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, “Қуйи-Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда “Амударё-Бухоро машина канали” бошқармаси жамоалари иштирок этди.

Ҳар бир учрашувда спортчиларнинг нафақат жисмоний тайёргарлиги, балки тезкор фикрлаши, вазиятни тўғри баҳолай олиши, шеригига ишониши ва бир мақсад сари жамоавий ҳаракат қилиши яққол намоён бўлди. Майдонда кечган ҳар бир дақиқа мухлислар учун кураш, матонат ва ироданинг ўзига хос кўринишига айланди.
Айниқса, ҳал қилувчи финал учрашуви ҳақиқий спорт шиддати билан кечди. Унда “Амударё-Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда “Қуйи-Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси жамоалари ғолиблик учун майдонга тушди.
Муросасиз ва кескин кечган баҳсда ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун бор куч ва маҳоратини ишга солди. Спортчиларнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир зарбаси ва ҳар бир тўп учун кураши беллашувнинг ҳақиқий финал даражасида ўтганидан далолат берди.

Якунда эса “Амударё-Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси жамоаси муносиб ғалабага эришиб, мусобақанинг минтақавий босқичида биринчи ўринни эгаллади. Шу тариқа бухоролик сув хўжалиги ходимлари республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Мусобақа якунида фаол иштирок этган жамоалар ҳамда ғолибларга ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири