Жиззахлик “Энг яхши сувчи китобхон”
Сувчиларни одатда каналлар бўйлаб юриб, далаларга ҳаёт сувини етказаётган, ҳар бир томчининг ҳисоб-китобини биладиган меҳнаткаш инсонлар сифатида тасаввур қиламиз. Жиззахда ўтказилган “Энг яхши сувчи китобхон” республика танлови ана шу олам эшигини очди.
Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси биносида бўлиб ўтган ушбу танловнинг вилоят босқичида сув хўжалиги тизими ходимлари ўз касбий билимлари билан эмас, китобдан олган маънавий бойлиги, адабий диди ва тафаккури билан ўзаро беллашишди.
Танловга келганларнинг қўлида сув ўлчагич ёки иш қуроли эмас, китоб бор эди. Бир қарашда оддийдек туюлган бу манзаранинг ўзи катта маъно касб этади. Чунки кун бўйи ариқ ва каналлар, гидротехник иншоотлар, далалар ва сув тақсимоти билан банд бўлган инсоннинг бўш вақтида бадиий асар мутолаасига юзланиши — унинг маънавий эҳтиёжидан дарак беради.

Беллашув жараёнида иштирокчилар бадиий адабиёт, сув хўжалиги соҳасига оид асарлар ва турли маърифий мавзулар бўйича билимларини намоён этишди. Бу ерда китобнинг сони эмас, унинг инсон қалби ва тафаккурида қолдирган изи муҳим эди. Асар қаҳрамонларини эслаш, адиб фикрини англаш, ўқилган китоб ҳақида мустақил мулоҳаза юритиш — сувчиларнинг китоб билан муносабати шунчаки ҳавас эмаслигини кўрсатди.

Айниқса, танловнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда адабиётни касбидан айро ҳолда тасаввур қилмайдиган инсонлар эмас, кундалик меҳнати сув билан боғлиқ оддий ходимлар иштирок этишди. Демак, китобхонликнинг чегараси йўқ: у идора, касб ёки лавозим танламайди. Китобга меҳр бор жойда маърифатга эҳтиёж ҳам бор.

Бу жиҳат бугун мамлакатимизда китобхонликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор билан ҳамоҳанг. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15-январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2026–2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини йилига ўртача 10 та китобга етказиш мақсад қилинган. Ҳужжатда давлат органларида “Китоб бурчаклари” ташкил этиш, ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати”ни йўлга қўйиш, ҳар йили касбий фаолиятга оид хорижий адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиш каби вазифалар ҳам белгиланган. Бугун турли соҳаларда ушбу вазифалар ижросига қаратилган китоб ярмаркалари, мутолаа тадбирлари ва танловлар ташкил этилаётгани эса қарорда белгиланган мақсадларнинг ҳаётдаги амалий ифодасидир. Президентимизнинг 2026 йил 22 майдаги Миллий китобхонлик ҳаракатига старт бериш маросимида китобхонлик миллатнинг маънавий қудрати ва мамлакат рақобатбардошлигини таъминлайдиган муҳим омил сифатида баҳоланди.

Жиззахдаги танлов ҳам шу катта ҳаракатнинг муайян бир касб вакиллари орасидаги кўриниши бўлди. Фақат бу ерда бир жиҳат алоҳида эътиборга лойиқ: китобхонлик ҳақида гап кетганда кўпинча зиёлилар, ўқитувчилар, талабалар ёки ёшлар кўз олдимизга келади. Сувчилар эса бу тасаввурни ўз иштироки билан кенгайтирди.
Танлов якунига кўра, биринчи ўрин Шароф Рашидов тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходими Юлдуз Муҳаммадиевага насиб этди. “Учтом” ирригация тизимлари бошқармаси ходими Шаҳзод Аҳмедов иккинчи, Жанубий Мирзачўл магистраль каналидан фойдаланиш бошқармаси ходими Мадина Қосимова учинчи ўринни эгаллади.

Энди вилоят босқичида биринчи ўринни қўлга киритган Юлдуз Муҳаммадиева республика танловида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қилади. Унинг бу босқичга йўл олиши эса биргина ғолибнинг ютуғи эмас. Бу — сув хўжалигида меҳнат қилаётган минглаб инсонлар орасида ҳам китобни қадрлайдиган, мутолаани ҳаётининг ажралмас қисми деб биладиган кишилар борлигининг ўзига хос эътирофидир.
Кун бўйи сувнинг йўлини очиб, далаларга ҳаёт бағишлаётган инсон кечқурун китоб саҳифасини очар экан, унинг меҳнати билан маънавий дунёси ўртасида ажралмас бир уйғунлик намоён бўлади. Зеро, сув инсон танасига ҳаёт берса, китоб унинг тафаккурига куч бағишлайди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири