ШҲТ кубоги: Ўзбекистон дзюдочиларидан 7 та медаль
Россия пойтахти Москва шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар спортчилари ўртасида бир нечта спорт тури бўйича комплекс мусобақалар ўтказилмоқда.
Мазкур мусобақалар доирасида ташкил этилган ШҲТ очиқ кубогида дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ҳам муваффақиятли иштирок этди. Эътиборлиси, мусобақада иштирок этган саккиз нафар дзюдочимиздан етти нафари совриндорлар сафидан жой олди.
Беллашувларда Низомиддинхўжа Тошпўлатов (-73 кг) ва Муҳаммадали Тангриев (+100 кг) барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритди. Муҳайё Ахматова (-57 кг), Сарвиноз Ҳусанова (-63 кг), Алишер Саманов (-90 кг) ҳамда Муҳаммадали Зоиров (-100 кг) мусобақанинг кумуш медали билан тақдирланган бўлса, Севинч Муродова (-48 кг) бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, дзюдочиларимиз ШҲТ очиқ кубогини икки олтин, тўрт кумуш ва бир бронза жами 7 та медаль билан якунлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА