Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши - Доҳада тарих янгиланадими?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 17 ноябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади. Ноябрь ойидаги халқаро йиғин доирасида ўтказиладиган мазкур учрашув Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа учун навбатдаги муҳим синов бўлади.
Бўлажак баҳсга ҳар икки жамоа турлича кайфиятда етиб келмоқда. Саудия Арабистони Жанубий Кореяни 3:2 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Ўзбекистон Россияга қарши учрашувда 2:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қола олмади ва 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Учрашув «Жассим бин Ҳамад» стадионида Тошкент вақти билан соат 20:30 да бошланади. Ўйин олдидан Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасидаги учрашувлар статистикасига назар ташлаш ўринли. Икки терма жамоа шу кунга қадар 12 марта ўзаро куч синашган. Уларнинг тўрттасида футболчиларимиз ғалаба қозонган, еттитасида саудияликлар зафар қучган, яна бир учрашув дуранг билан якунланган.
Тарихдаги энг эсда қоларли ғалабаларимиздан бири 1994 йилги Осиё ўйинларида қайд этилган. Ўшанда терма жамоамиз рақибни 4:1 ҳисобида мағлуб этган. 2008 йилда Жаҳон чемпионати саралаш баҳсида ҳам футболчиларимиз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. 2015 йилги Осиё кубогида эса саудияликлар устидан 3:1 ҳисобидаги ғалабага эришилган.
Бироқ, сўнгги йилларда ўзаро баҳсларда устунлик Саудия Арабистони томонида. Ўзбекистон терма жамоаси ушбу рақибни охирги марта 2015 йилда мағлуб этган. Шу боис Доҳа шаҳридаги учрашув футболчиларимиз учун нафақат навбатдаги синов, балки ўзаро ўйинлардаги салбий анъанага барҳам бериш имконияти ҳамдир.
Бу мақсадга эришишда ҳужум чизиғидаги самарали ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, терма жамоамизнинг тажрибали ҳужумчиси Элдор Шомуродовдан кўп нарса кутилмоқда. Қолаверса, у Саудия Арабистонига қарши ўйинларда гол урган амалдаги таркибимиздаги ягона футболчи ҳисобланади. Шомуродов 2019 йилги баҳсда рақиб дарвозасини ишғол этган эди. Бу сафар ҳам унинг Доҳа майдонидаги ҳаракатлари мухлислар эътиборида бўлиши табиий.

Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоасининг бугунги салоҳиятини фақат ўзаро учрашувлар тарихи билан баҳолаш тўғри эмас. Сўнгги йилларда мамлакатимиз футболида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Давлатимиз раҳбарининг соҳага қаратаётган эътибори, футбол тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар натижасида янги авлод вакиллари халқаро майдонга дадил кириб келмоқда. Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев, Беҳрузбек Каримов, Умарали Раҳмоналиев каби ёш футболчиларнинг камол топиши ҳам бу жараён самарасидир.

FIFAнинг расмий рейтингида Ўзбекистон 61-ўринни, Саудия Арабистони эса 54-поғонани эгаллаб турибди. «Трансфермаркт» маълумотларига кўра, Саудия Арабистони терма жамоаси таркибининг умумий бозор қиймати 38 миллион евро, футболчиларининг ўртача ёши 27,8 ни ташкил этади. Ўзбекистон терма жамоасида эса бу кўрсаткичлар мос равишда 81,8 миллион евро ва 24,7 ёшга тенг. Демак, футболчиларимиз ўртача уч ёшга ёшроқ, таркибимизнинг бозор қиймати эса рақибникидан анча юқори. Бу рақамлар жамоамизда ёш ва истиқболли футболчилар салмоғи катта эканини кўрсатади.
Албатта, Саудия Арабистони терма жамоаси Осиё футболида катта тажрибага эга. Жамоа Жаҳон чемпионатларида бир неча бор иштирок этган, қитъа миқёсидаги мусобақаларда ҳам юқори натижалар қайд этган. Шу боис вакилларимиздан учрашув давомида юқори даражадаги интизом ва диққат талаб этилади.

Фабио Каннаваро бошчилигидаги терма жамоада янги ўйин услубини шакллантириш жараёни давом этмоқда. Бундай пайтда кучли рақибларга қарши ўртоқлик учрашувлари мураббийлар штаби учун муҳим тажриба вазифасини ўтайди. Айниқса, ёш футболчиларнинг имкониятларини баҳолаш, таркибдаги рақобатни кучайтириш ва жамоанинг турли вазиятлардаги ҳаракатларини такомиллаштириш долзарб аҳамиятга эга.
Россияга қарши баҳсда йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқариш, ҳимоя ва ҳужум чизиқлари ўртасидаги боғлиқликни яхшилаш Саудия Арабистонига қарши ўйинда муҳим омил бўлади. Энг муҳими, терма жамоамиз Доҳа майдонида ўз имкониятларини тўлиқ намоён этиб, мухлисларни қувонтирадиган натижа қайд этиши керак.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА