Total Chess World Championship Tour 2026: Абдусатторов 21-24-ўринлар учун курашади
Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида мукофот жамғармаси 650 минг АҚШ долларидан иборат “Total Chess World Championship Tour 2026” мусобақасининг плей-офф жуфтликлари маълум бўлди.
Янгича форматда 24 нафар шахматчи иштирокида ўтаётган мусобақанинг "А" гуруҳида баҳс олиб борган Нодирбек Абдусатторов учрашувларни ўта омадсиз ўтказди ва якунда олти иштирокчи орасида 6-ўринни эгаллади.
Кеча гуруҳ босқичининг сўнгги куни у америкалик Эндрю Ҳонгга қарши ўтказилган ҳар икки партияда дурангга эришди.

Тўққиз очко жамғарган Абдусатторов гуруҳ аутсайдери сифатида саралашни якунлади. “А” гуруҳида 15 очко билан биринчи ўринни эгаллаган Алиреза Фирузджа 1/2 финалга йўл олди. Унинг финал остонасидаги рақиби АҚШлик Фабиано Каруана.

Энди 24 нафар шахматчи олтита жуфтликда якуний ўринлар учун курашади. Чемпион 1-сеткада аниқланади: Максим Ваше-Лаграв Аниш Гири, Алиреза Фирузжа-Фабиано Каруана совринли ўринлар учун кураш олиб борса, қолган 20 нафар иштирокчи 5–24-ўринларга даъвогарлик қилади.

Нодирбек Абдусатторов 6-сеткада ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳа билан куч синашади.
Бу сеткада 21–24-ўрин соҳиблари аниқланади. Ушбу плей-офф босқич ўйинлари эртага, 17 ноябрда бошланади. Унда шахматчилар блиц, рапид ва Fast Classic форматларида баҳс олиб боради. Мусобақалар 20 ноябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА