Дзюдочиларимиз Загребда 68 та давлат орасида 14-ўринни эгаллади
Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида дзюдо бўйича ўтказилган “Zagreb Grand Prix 2026” турнирида мамлакатимиз вакиллари 1 та кумуш ва 1 та бронза медалига эга чиқди.
Уч кун давомида ўтган шиддатли беллашувларда 68 та давлатнинг 476 нафар маҳоратли дзюдочилари қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси совринли ўринларга даъвогарлик қилди.
Муросасиз беллашувлар натижасида “Париж-2024” Олимпиадаси чемпиони Диёра Келдиёрова -52 кг. вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди.

Маҳоратли дзюдочимиз илк даврада қозоғистонлик Аружан Ережепова, иккинчи босқичда марокашлик Сумия Ирао, 1/4 финалда косоволик Фатжона Касапини мағлуб этди. Ярим финалда ҳозирда жаҳон рейтингида 7-ўринни эгаллаб турган венгриялик Роза Дертьяшга кичик ҳисобда имкониятни бой бериб, бронза медали йўлидаги беллашувда франциялик Бландин Понтдан устун келди.
Эътиборли жиҳати, икки ярим йиллик танаффусдан сўнг фаолиятини бошлаган Келдиёрова IJF рейтингида 97-поғонадан жой олган. Загребдаги муваффақиятли иштироки унга 350 рейтинг балини тақдим этди.
Загреб татамисидаги баҳсларда яна бир дзюдочимиз Муроджон Йўлдошев 81 кг. вазн тоифасида дунёнинг энг кучлиларидан бири эканини амалда исботлади.
Саралаш беллашувларини муваффақиятли ўтказган ҳамюртимиз 1/4 финалда канадалик Оливе Гагнондан устунликка эришди. Финал остонасида украиналик Михайло Свидракка имконият қолдирмади. Олтин медаль учун канадалик Француа Готе-Драпо билан кечган курашда Йўлдошев кумуш медалга сазовор бўлди.
Халқаро турнир якунига кўра, умумжамоада Бразилия ва Канада терма жамоалари етакчиликни қўлга киритган вазиятда Ўзбекистон терма жамоаси 68 та давлат орасида 2 та совринли ўрин ҳисобига 14-поғонани банд этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА