Шенчжен робототехника саноатининг йирик марказига айланмоқда
Шу кунларда Хитойнинг Шенчжен шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС) форумига аъзо иқтисодиётлар раҳбарларининг 33-норасмий учрашуви бўлиб ўтмоқда. Мазкур нуфузли тадбирга мезбонлик қилаётган шаҳар сунъий интеллект ва робототехника саноатини ривожлантиришда ХХРнинг етакчи технологик марказларидан бирига айланмоқда.
Ахборот ҳамкоримиз - “Синьхуа” АА хабар беришича, Шенчженда робототехника соҳасида фаолият юритувчи 1100 дан ортиқ корхона мавжуд. Улар роботлар учун асосий компонентларни тайёрлашдан тортиб, якуний маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларни қамраб олган.
Шаҳарнинг Баоан туманида сунъий интеллект ва робототехника йўналишида ихтисослашган 600 дан зиёд компания фаолият кўрсатмоқда. Соҳани ривожлантириш мақсадида бу ерда махсус инновацион марказлар, жумладан, «Баоан мужассамлашган сунъий интеллект хаби» ташкил этилган.
Жорий йил сентябрь ойида мазкур марказда роботларни ўқитиш ва синовдан ўтказишга мўлжалланган махсус «Робототехника мактаби» иш бошлади. Майдони 6 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган ушбу мажмуада роботлар ақлли уй тизимлари, ҳаракатни кузатиш, кексаларга ғамхўрлик қилиш, чакана савдо, электроника ишлаб чиқариш ва илмий фаолият каби олтита асосий йўналиш бўйича синовдан ўтказилади.
АТЭС доирасидаги ҳамкорлик орқали шаҳар Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан технологик алоқаларни кенгайтириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, мутахассислар тайёрлаш ва робототехника соҳасидаги стандартларни ўзаро мувофиқлаштиришни мақсад қилган.
А.Маматов, ЎзА