Навоий корхоналари Германия технологиялари асосида ривожлантирилади
Навоий вилоятида саноат корхоналарининг технологик имкониятларини кенгайтириш, автомобилсозлик учун зарур бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг Европа бозорларига чиқишини таъминлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Навоий вилояти саноат корхоналарини Германиянинг Fraunhofer IPK институти технологиялари асосида ривожлантириш ҳамда Европа бозорларига чиқиш мақсадида меморандум имзоланди.
Келишув доирасида камида 5 та маҳаллий машинасозлик ва автомобилсозлик корхонасининг ишлаб чиқариш имкониятлари баҳоланиб, уларни Европа саноати талабларига мослаштириш чоралари ишлаб чиқилади. Шунингдек, импорт қилинаётган автомобиль эҳтиёт қисмларини маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқариш ва Европа компаниялари билан кооперация алоқаларини ривожлантиришга эътибор қаратилади.
Ҳамкорлик доирасида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузурида инновациялар институтини ташкил этиш имкониятлари ўрганилади. Шунингдек, вилоятнинг саноат ихтисослашувини белгилайдиган 5 йиллик стратегия ва уни амалга ошириш бўйича 24 ойлик чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.
Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур ҳамкорлик маҳаллий корхоналарнинг технологик салоҳиятини ошириш, янги ишлаб чиқариш йўналишларини ўзлаштириш ва халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришда янада аҳамиятли.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА