Ўзбекистон делегацияси "Аккую" АЭС қурилиши билан танишди
Мамлакатимизда атом энергетикаси соҳасида маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон делегацияси Туркиядаги "Аккую" атом электр станцияси қурилишида қатнашaётган компанияларнинг ишлаб чиқариш имкониятлари билан танишди. Асосий эътибор мамлакатимизда атом энергетикаси учун зарур ускуналар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилди.
Хусусан, делегация "AVAS Group" компанияси раҳбарияти билан учрашиб, "Атом-Саноат" махсус саноат зонасида ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш ва етказиб бериш тизимини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, "VASTAŞ Valf" заводида атом электр станциялари учун қувур арматуралари ва узатмалар, "ASOS Proses" корхонасида эса технологик ва муҳандислик ускуналари ишлаб чиқариш жараёнлари ўрганилди.
"Аккую" АЭС қурилиш майдончасида делегация аъзолари "Özaltın Holding" компанияси томонидан барпо этилаётган турар жой мажмуаси ва қурилиш жараёнлари билан танишди. Маълум қилинишича, биринчи энергоблокда қурилиш ишлари якунланган, контурларнинг гидравлик синовлари ўтказилган ва ҳимоя қобиғининг герметиклиги ҳамда мустаҳкамлиги текширилган. Айни пайтда реактор қурилмасини совуқ ва иссиқ синовлардан ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Делегация энергоблокнинг бошқарув пульти, машина зали, қувват узатиш тизими ва бошқа объектларни ҳам кўздан кечирди.
Ташриф доирасида Силифке шаҳридаги "İncetcom" корхонаси фаолияти ҳам ўрганилди. Корхона "Аккую" АЭС учун шамоллатиш ва совутиш тизимлари, қувурларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва ўрнатиш билан шуғулланади. Унинг Ўзбекистондаги "Атом-Саноат" махсус саноат зонасида шунга ўхшаш ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдаги иштироки имкониятлари баҳоланди.
Ташриф якунида Туркия компаниялари билан келгусидаги ҳамкорлик юзасидан дастлабки келишувларга эришилди. “Ўзатом” агентлиги ахборот хизматига кўра, мазкур ташриф Ўзбекистонда атом энергетикаси учун маҳаллий ишлаб чиқариш базасини шакллантириш ва хорижий компаниялар билан технологик ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА