Космик соҳани ёритувчи журналистлар учун медиа-тренинг ташкил этилди
“Ўзбеккосмос” агентлиги “School 21” IT-мактабида Президент Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда журналист ва блогерлар учун медиа-тренинг ўтказди.
Тренинг аввалида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг космик соҳадаги фаолияти, “Ўзбеккосмос” агентлигининг асосий йўналишлари, миллий лойиҳалар ва халқаро ҳамкорлик ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, сунъий йўлдошлар, орбиталар, ракеталар, масофадан зондлаш технологиялари ҳамда космик маълумотларни олиш жараёнлари бўйича мутахассислар томонидан тақдимотлар қилинди.
— Космик соҳа ҳақида гап кетганда фақат сунъий йўлдош ёки ракета учиришни тушунмаслик керак, — дейди “Ўзбеккосмос” агентлиги матбуот котиби Акмал Назаров. — Чунки космик билимлар бугунги кунда қишлоқ хўжалигидан тортиб кадастр, экология ва бошқа кўплаб соҳаларда қўлланилмоқда. Ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишларни ОАВ орқали халқимизга тушунарли тарзда ёритиш вазифаси журналистлар зиммасига юкланган. Шу боис уларни космик мутахассислар билан тенг даражада мулоқот қила олиш кўникмасини шакллантириш мақсадида медиа-тренинг ташкил этдик. Соҳа мутахассислари ўз йўналишлари бўйича тақдимотлар ўтказишди, журналистларни қизиқтираётган саволларига очиқ мулоқот орқали жавоблар берилди.
Шунингдек, медиа-тренингнинг амалий қисмида космик мавзуларга бағишланган интеллектуал викторина ташкил этилди. Тўрт кишидан иборат гуруҳларга бўлинган иштирокчилар гидравлик ракеталарни лойиҳалаштириш, ясаш ва учириш бўйича амалий машғулотларда қатнашди. Машғулотлар давомида улар ракета ҳаракатининг асосий тамойилларини амалий тажриба орқали ўрганиш имкониятига эга бўлдилар.
— Мазкур тадбирга келиб, сарфлаган вақтимга ачинмадим. Чунки тренинг давомида олган маълумотларим космик соҳадаги билимларим мустаҳкамланишига туртки бўлди, — дейди ёш астрофизик Миртемир Анорбоев. — Бугунги кунда Ўзбекистонда космик соҳадаги маълумотларни ёритиш учун албатта журналист ва блогерларда аниқ асослар, билимлар бўлиши шарт. Чунки коинот сирларини билиш инсондан чуқур билим талаб қилади. Шу сабабли бу каби тадбирларни ўтказиш муҳим деб ўйлайман.
Мазкур тадбир журналист ва блогерларнинг космик соҳа бўйича ихтисослашган билимларини такомиллаштириш, космик технологиялар ва илмий ютуқларни оммавий ахборот воситаларида кенг ҳамда тушунарли ёритиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
[gallery-32609]
Нигора Раҳмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА