Шахмат: сўнгги турда қизларимиз Россия, йигитлар БАА билан куч синашади
Бугун Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида шахмат бўйича Осиё миллатлар кубогининг эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Аёллар жамоалари ўртасида 12 очко билан муддатидан аввал чемпионлик шоҳсупасини банд этган Россия аёллар жамоаси сўнгги 7-тур баҳсида Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нилуфархон Имомқўзиевадан иборат Ўзбекистон жамоаси билан баҳс олиб боради.

Эркаклар жамоалари ўртасидаги охирги 9-тур мусобақасида эса ўзбекистонлик шахматчи йигитлар Бирлашган Араб Амирлиги жамоаси билан куч синашади.
Кеча ўтказилган 8-тур мусобақаларида Ҳумоюн Бекмуратов, Муҳаммадали Абдураҳмонов, Баҳром Баҳриллаев, Абдумажид Ботиралиевдан иборат Ўзбекистон жамоаси Хитой шахматчиларига 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берган вазиятда шахматчи қизларимиз 6-турда БАА вакилларини 4:0 кўринишида доғда қолдирди.
Охирги тур ўйинлари остонасида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 7 очко билан 4-ўринни банд этиб турибди. Қитъа кубогида етакчилик қилаётган Россияда 12, кейинги ўринларни банд этган Хитойда 9 ва Қозоғистон жамоаси ҳисобида 8 очко мавжуд.

Эркаклар жамоалари орасида Россия жамоаси 14 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ҳиндистон ва Хитой жамоалари 13 очко билан етакчини таъқиб этмоқда. Мамлакатимиз шахматчи йигитлари 8 очко билан 21 та терма жамоа орасида 7-қаторда ҳаракатланмоқда.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА