Футбол оламидаги янгиликлар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун Қатарда Саудия Арабистони билан ўртоқлик учрашувини ўтказади. Муҳим синов олдидан таркибдаги ўзгаришлар диққат марказида.
Фарғонанинг «Нефтчи» ва Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол» клублари ўртасидаги Элит Осиё чемпионлар лигаси 5-тур учрашувини кувайтлик ҳакамлар бригадаси бошқаради. Бош ҳакам — Абдуллоҳ Жамол, қанот ҳакамлари — Сауд ал-Шемали ва Али Жроқ. Тўртинчи ҳакам — Аммор Ашкана, VAR ҳаками — Абдуллоҳ Араб, унинг ёрдамчиси — Абдуллоҳ ал-Кандари. Тўрт турдан кейин «Ал Ҳилол» 9 очко билан иккинчи, «Нефтчи» 4 очко билан тўққизинчи ўринда. Учрашув 23 ноябрь куни Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида соат 18:45 да бошланади.
***
Германия терма жамоаси Миллатлар лигасида Нидерландияни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Ҳар икки жамоа чорак финалга йўл олди. Германия гуруҳда биринчи, Нидерландия иккинчи бўлди. Ҳозиргача Франция, Бельгия, Германия, Нидерландия, Англия, Испания ва Португалия чорак финал йўлланмасини қўлга киритган. Сўнгги йўлланма Дания ва Норвегия ўртасидаги баҳсда ҳал бўлади. Қуръа 20 ноябрь куни ташланади. Чорак финалнинг дастлабки ўйинлари 25–27 март, жавоб баҳслари 28–30 март кунлари ўтказилади. Гуруҳ ғолиблари иккинчи ўрин эгаларига қарши ўйнайди, бир гуруҳ жамоалари ўзаро тўқнаш келмайди.
***
Ўзбекистон Суперлигаси жорий мавсумида стандарт вазиятлардан кейин энг кўп гол киритган жамоалар рейтингида «Нефтчи» 11 та тўп билан пешқадам. «Сўғдиёна» 9 та, «Навбаҳор» ва ОКМК эса 8 тадан гол билан кейинги ўринларни эгаллаган. Шу тариқа, фарғоналиклар энг яқин таъқибчисидан икки голга ўзиб кетган.
***
Соҳил футболи бўйича 2026 йилги Осиё кубогида Ўзбекистоннинг икки вакили фаолият олиб боради. 18–28 ноябрь кунлари Таиландда ўтадиган қитъа биринчилигида Найим Қосимов бош ҳакам, Бахтиёр Намозов эса ҳакамлар инструктори сифатида иштирок этади.
***
Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Саудия Арабистонига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. «Жассим Бин Ҳамад» стадионидаги баҳс Тошкент вақти билан соат 20:30 да бошланади. Хориждаги йиғинда миллий жамоага чақирилган Элдор Шомуродов, Аброр Исмоилов ва Эдем Неманов иштирок этмаяпти.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА