“Бир Ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида югуриш марафони ўтказилди
Давлат рамзлари орасида байроқ алоҳида ўрин тутади. Унда халқимизнинг тарихи, миллий ғурури, орзу-интилишлари ва Ватанга бўлган муҳаббати мужассам.
Уни эъзозлаш эса нафақат байрамларда, балки кундалик ҳаётимизда ҳам намоён бўлади. Давлатимиз байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳридаги “Олимпия шаҳарчаси”да Миллий гвардия ташаббуси билан “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида югуриш марафони ташкил этилди.
Ундан кўзланган асосий мақсад давлат байроғига ҳурмат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилди.

Марафонда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Волонтёрлари ассоциацияси вакиллари фаол иштирок этди.
— Марафон бир қарашда оддий югуришдек туюлиши мумкин. Чунки бунда кимдир маррага тезроқ етиб боришга интилади, яна кимдир фарзанди ёки яқинлари билан бирга масофани босиб ўтади. Ушбу марафоннинг мазмуни спорт натижаси билан чекланмайди. Унда Ватанга муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва умумий қадриятларга садоқат мужассам, — дейди Миллий гвардия офицери Муҳаммадзар Зулунов.
Марафон давомида ҳилпираган давлат байроқлари, иштирокчиларнинг кўтаринки кайфияти ва ўзаро қўллаб-қувватлаши тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.

Н.Раҳмонова,
ЎзА