Шахмат: Нодирбек Абдусатторов бугун Ченнайда Пранеш билан куч синашади
Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида “Quantbox Chennai Grand Masters 2026” халқаро турнири давом этмоқда.
Классик йўналишда ўтаётган мазкур нуфузли турнирда 8 нафар энг маҳоратли шахматчилар дона сурмоқда.
Турнирда амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш, ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов, ҳиндистонлик Аржун Эригаиси, франциялик Алиреза Фирузжа, АҚШ вакили Ҳанс Ниеманн, ҳиндистонлик Ниҳал Сарин, россиялик Дмитрий Андрейкин ва яна бир ҳинд шахматчиси Пранеш иштирок этмоқда.

Жаҳон шахмат ишқибозлари эътибор марказида бўлган турнирнинг ортда қолган 2 та тур ўйинларидан кейин Франция шарафини ҳимоя қилаётган Алиреза Фирузжа 2 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Кейинги поғоналарни банд этган 5 нафар иштирокчида 1 очко, 2 нафарида эса 0,5 очко мавжуд.

Маҳоратли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов илк турда АҚШлик Ҳанс Ниеманн билан муроса йўлини танлаган бўлса, кеча ўтказилган 2-турда ҳиндистонлик Аржун Эригаиси билан ҳам 1 очкони бўлишиб олишди.
Бугун, 18 июль куни халқаро мусобақанинг 3-турида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда ҳинд шахматчиси Пранеш билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 79 минг 500 АҚШ долларидан иборат бўлган “Quantbox Chennai Grand Masters 2026” баҳслари 22 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА