Шарқона яккакураш усталари Наманганда жам бўлишди
Наманган шаҳридаги Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида таэквондо-“WТ” бўйича ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилмоқда.
Турнир олди машғулотларда мезбонлардан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳамда пойтахтимиздан келган, турли халқаро мусобақаларда тобланган 200 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда.
Ўзбекистон таэквондо “WT” ассоциацияси Наманган вилояти бўлими ижрочи директори Холмурод Нозимовнинг қайд этишича, йиғин давомида спортчиларнинг жисмоний ва техник-тактик тайёргарлигини ошириш, жанговар маҳоратини мустаҳкамлаш ҳамда келгусидаги нуфузли мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, машғулотлар давомида тажрибали мураббийлар томонидан спортчиларга таэквондонинг замонавий усуллари, мусобақа жараёнидаги тактика ва техник ҳаракатлар бўйича амалий машғулотлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 26 сентябрига қадар давом этадиган бундай ўқув-йиғинларнинг мунтазам ташкил этилиши ёш ва иқтидорли спортчиларни саралаш, уларнинг маҳоратини янада ошириш ҳамда юқори натижаларга эришишда туртки, қолаверса, 2026 йил 26-30 октябрь кунлари "Паҳлавон" спорт мажмуасида бўлиб ўтадиган "G1" туркумига кирувчи "Uzbekistan Open" халқаро турнири олдидан ўзига хос тадорик вазифасини ўтайди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири