Осиё ўйинлари: Умумий жадвалда ўзгаришлар рўй берди
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида давом этаётган ХХ Осиё ўйинларининг 21 сентябрь куни бўлиб ўтган беллашувлари якунига кўра, умумий медаллар жадвалида бир қатор ўзгаришлар рўй берди.
Қувонарлиси, Осиё ўйинларининг иккинчи кунида Ўзбекистон делегацияси ҳисобига биттадан олтин ва бронза медаллари қўшилди. Ушбу медаллар каратэ бўйича Абдулваҳоб Рашидов (олтин) ва ММА йўналишида иштирок этган Нодирбек Шавкатов (бронза) томонидан қўлга киритилди. Шу тариқа делегациямиз 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медаль жамғарган ҳолда умумий жадвалнинг 9-поғонасига кўтарилди.
Осиё ўйинларининг 21 сентябрь кунги баҳслари якунига кўра, медаллар жадвалида Хитой 23 та олтин, 10 та кумуш ва 5 та бронза, жами 38 та медаль билан пешқадамлик қилмоқда. Япония 8 та олтин, 12 та кумуш ва 12 та бронза медаль билан иккинчи, Жанубий Корея 5 та олтин, 3 та кумуш ва 15 та бронза медаль билан учинчи ўринда.

Кучли ўнликда Қозоғистон 4 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза, Таиланд 3 та олтин ва 1 та кумуш, Гонконг 2 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза, Хитой Тайпейи 1 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза, Макао 1 та олтин ва 3 та кумуш, Ўзбекистон ва Мьянма ҳисобида эса 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медаль билан қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил Ханчжоуда ўтказилган Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза, жами 71 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 5-поғонани эгаллаган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА