Шаҳноза Мамажонова – жаҳон кубоги ғолиби
Фарғона вилоятида ўқ отиш спорти жадал ривожланмоқда. Жорий йилда замонавий ўқ отиш спорт мажмуасининг фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишни янада оммалаштиришга хизмат қилди. Айни пайтда бу ерда, айниқса, ёшлар ўртасида спортнинг ушбу турига қизиқиш ортиб, машғулотларга жалб этилганлар сони кўпаймоқда. Қувонарлиси, спортчилар дастлабки мусобақалардаёқ муносиб натижаларни қайд этмоқда.
Сербиянинг Нови-Сад шаҳрида пара ўқ отиш бўйича илк жаҳон кубоги турнири бўлиб ўтди. Турнирда 51 мамлакатдан 300 нафарга яқин спортчи қатнашди.
Етти кун давом этган мусобақанинг сўнгги кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, фарғоналик Шаҳноза Мамажонова (Ш1А класси) П2 йўналишидаги 10 метр масофага пневматик тўппончадан отиш дастурида 232,6 очко жамғариб, олтин медалга эга чиқди.

Шуниси қувонарлики, Шаҳноза Мамажонова ўқ отиш спорти бўйича Ўзбекистоннинг биринчи жаҳон чемпионидир.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири