Сенаторлар талабалар билан очиқ мулоқот ўтказди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” шиори остида Мустақиллик соати ўтказилди.
Унда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов иштирок этиб, мустақиллик йилларида таълим соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилган натижалар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.

Очиқ мулоқотда мамлакатимиз мустақиллигининг тарихий аҳамияти, бугунги ислоҳотлар жараёнида ёшлар олдида турган вазифалар, уларнинг мақсад ва интилишлари хусусида фикр алмашилди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Ҳусан Эрматов Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ташкил этилган Мустақиллик дарсида қатнашди.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзоси Икромхон Нажмиддинов эса Наманган давлат педагогика институтида янги ўқув йилининг бошланиши ҳамда биринчи босқич талабаларини кутиб олишга бағишланган тантанали тадбирда иштирок этди.
Сенаторлар мамлакатимизда мустақиллик йилларида таълим соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, тизимда эришилган натижалар, шунингдек, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилган имкониятлар ҳақида сўз юритди.
Таълим соҳасини ривожлантириш, уни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, ёшларнинг сифатли таълим олиши ва илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Сенаторлар талабаларни замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашга, доимий равишда ўз устида ишлашга, илмий изланишлар олиб боришга, янги ғоя ва ташаббусларни илгари суришга чақирди. Шунингдек, ёшларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши муҳим экани таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА