Сенат: Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар умрбод озодликдан маҳрум қилинади
Болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Аммо амалиёт таҳлили вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган жинсий ва жисмоний зўравонлик ҳолатларига қарши жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда процессуал ҳимоя механизмларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Сенатнинг 20-ялпи мажлисида муҳокама қилинди.
– Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-ижроия ва Меҳнат кодексларига ҳамда бир қатор қонунларга принципиал ва қатъий ўзгартиришлар киритилмоқда, - деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов. – Хусусан, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар учун узоқ муддатга – 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.

Мазкур масала бўйича муносабат билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева зўравонлик ҳақидаги хабарларни ҳар томонлама баҳолаш ва тегишли чораларни кўриш зарурлигини таъкидлади. Зўравонликни дарҳол тўхтатиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Яъни, боланинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи ҳолатларни бартараф этиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилиши керак.
– Бундай ҳолатни оддий оилавий масала деб баҳолаб, уни эътиборсиз қолдириш мутлақо мумкин эмас, - деди Т.Норбоева. –Прокуратура органлари зўравонликнинг олдини олиш бўйича профилактик ишлар олиб бориши, айниқса, таълим муассасаларида зўравонликнинг олдини олиш ва унинг оқибатлари ҳақида хабардорликни ошириш жуда муҳим. Бола билан ишлаш жараёнида эҳтиёткорликка риоя қилиш, унинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, сўроқ ва бошқа процессуал ҳаракатларни амалга оширишда қонуний кафолатларга риоя этиш керак. Боланинг руҳий ёки жисмоний жароҳат олишига йўл қўймаслик асосий талаблардан бири бўлиши лозим. Адлия вазирлиги томонидан қўшимча чора-тадбирлар, жумладан, махсус чора-тадбирларни амалга ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Прокуратура органларидан тегишли маълумотларни олиш ва амалга оширилаётган ишлар натижаларини таҳлил қилиши зарур.
Мажлисда ушбу тоифадаги жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги қўлланилмаслиги, шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилиш тақиқланиши қайд этилди.


Суд ва тергов жараёнларида болаларни қайта руҳий жароҳатланишдан ҳимоя қилиш мақсадида зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштиришни фақат суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими билан ўтказиш ҳамда болага процессуал жараён бошиданоқ давлат ҳисобидан бепул адвокат ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Таълим ва тарбия муассасалари ходимлари томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилганда, улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси киритилмоқда.



Ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик кўрсатмаслиги, шаҳвоний шилқимлик, никоҳ ёшини бузиш ҳамда болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жазолар кескин кучайтирилмоқда.
Айнан ушбу мавзу, қолаверса, қонун ижроси билан боғлиқ саволларга Адлия вазирлиги, ИИВ, Бош прокуратура масъуллари томонидан жавоб берилди.
Сенаторлар мазкур қонунни қизғин муҳокама қилиб, болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш, жамиятнинг ҳимояга мужтож қатлами бўлган вояга етмаганлар ҳимоясини кучайтириш зарурлиги бўйича ўз қатъий позицияларини билдирди.
Ялпи мажлисда маъқуллаган қонун жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйиш, содир этилган қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда ҳар бир боланинг хавфсиз ва адолатли муҳитда камол топишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА