Семинарда билим ва амалий кўникмалар уйғунлашди
Мамлакатимизда чорвачилик тармоғини замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш ва соҳага илмий ютуқларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, ҳудудларда фаолият юритаётган мутахассисларнинг билим ва амалий кўникмаларини мунтазам янгилаб бориш тармоқ самарадорлигини оширишда муҳим омиллардан бири саналади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида сунъий уруғлантириш (техник-осеменаторлик) бўйича ўн кунлик малака ошириш семинари ташкил этилди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида фаолият юритаётган техник-осеменаторлар иштирок этди. Ўқув дастури ветеринария, репродуктив биотехнология ва наслчилик соҳасидаги замонавий илмий ёндашувлар асосида шакллантирилиб, назарий машғулотлар амалий дарслар билан уйғунлаштирилди. Тингловчилар уруғлик материалининг морфологик кўрсаткичлари ва ҳаракатчанлигини баҳолаш, биоматериалларни тайёрлаш ва сақлаш технологиялари, криоконсервация усуллари, сунъий уруғлантиришда қўлланиладиган замонавий асбоб-ускуналар билан ишлаш ҳамда репродуктив жараёнларни бошқариш бўйича амалий кўникмаларни эгалладилар.
Машғулотларга Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети, Самарқанд шаҳридаги Ветеринария мутахассисларининг малакасини ошириш институти ҳамда филиалнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари жалб этилди. Семинар давомида назария ва амалиётнинг уйғунлиги иштирокчиларга ҳар бир технологияни иш жараёнида қўллаш, амалий тажрибани мустаҳкамлаш ва замонавий ёндашувларни ўзлаштириш имконини берди. Бу борадаги машғулотлар иштирокчиларнинг соҳага оид амалий билимларини янада бойитди.
Ўн кун давом этган тадбир якунида малака ошириш курсини муваффақиятли якунлаган техник-осеменаторга сертификатлар тантанали равишда топширилди. Энди улар семинар давомида эгаллаган билим ва амалий кўникмаларини Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларидаги чорвачилик хўжаликларида амалиётга татбиқ этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири