Доривор женшен етиштириш бўйича Корея билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ҳамда Кореянинг Gangwon Bio компанияси бош директори Гапсу Юн бошчилигидаги делегация иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида жаҳон бозорида талаб юқори бўлган доривор женшен ўсимлигини Ўзбекистонда етиштириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар мазкур экинни замонавий биотехнологиялар асосида кўпайтириш, илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, келгусида маҳсулотни тижоратлаштириш ҳамда унинг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Кореялик мутахассислар лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш, аввало мавжуд шароитларни жойига чиқиб ўрганиш, зарур эҳтиёжларни аниқлаш ва барча ишлар олдиндан келишилган режа ҳамда стандартлар асосида ташкил этилиши муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, женшен маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларга муваффақиятли олиб чиқиш учун пухта маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон томони ушбу лойиҳа мамлакатда доривор ўсимликлар етиштириш соҳасини ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, лойиҳани қисқа муддатда амалий босқичга олиб чиқиш ва уни амалга оширишда ҳар томонлама ташкилий ҳамда амалий кўмак кўрсатилишини билдирди.
“Gangwon Bio” мутасаддилари эса Ўзбекистонда женшен етиштириш лойиҳасини амалга оширишда ўзининг кўп йиллик тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий этишга тайёр эканини маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар доривор женшен етиштириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА