Амир Олимхон отасининг қабри қаердалигини биласизми?
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Кармана шаҳрида жойлашган Қосим Шайх Азизон мажмуаси юртимизнинг энг қадимий ва ноёб меъморий обидаларидан бири ҳисобланади. XVI асрда барпо этилган ушбу мажмуа қарийб 500 йиллик тарихга эга бўлиб, бугунги кунда ҳам зиёратгоҳ, ҳам маданий мерос объекти сифатида катта аҳамият касб этади.
Карманадаги Хўжа Хисрав маҳалласи ҳудудида жойлашган мажмуа таркибига Қосим Шайх Азизон мақбараси, масжид, музей, зиёратчилар учун эҳсонхона, масжид имоми тураргоҳи ҳамда мевали боғ киради. Мажмуа ҳудудидаги музейда турли даврларга оид 2 мингга яқин тарихий ашё ва артефакт сақланмоқда.
Масжиднинг бош пештоқи нафис аркалар ва араб тилидаги битиклар билан безатилган. Ички қисмидаги оқ рангли устунлар, ўймакор ганч нақшлари ва миллий меъморчилик анъаналари асосида яратилган безаклар мажмуанинг ўзига хос қиёфасини намоён этади.
Мажмуанинг энг эътиборли жиҳатларидан яна бири шундаки, бу ерда Бухоро амири Абдулаҳадхон дафн этилган. У сўнгги Бухоро амири Олимхоннинг отаси бўлиб, унинг қабри тарих ва зиёрат туризмига қизиқувчилар эътиборини тортади.
Бугунги кунда Қосим Шайх Азизон мажмуаси мамлакатимизга ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, тарихшунослар ҳамда зиёратчиларнинг энг кўп ташриф буюрадиган муқаддас қадамжоларидан бирига айланган.
Сирож АСЛОНОВ(сурат),ЎзА