Мустақиллик – бирдамлик, маънавият ва тараққиёт тантанаси
Мустақиллик — халқнинг асрлар давомида орзу қилган энг буюк неъмати, миллий ғурури ва эртанги кунга бўлган ишончининг мустаҳкам пойдеворидир. Янги Ўзбекистонда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида ҳам аввало инсон қадрини улуғлаш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ғурур ва юксак маънавият руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадлар мужассам.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ана шу юксак мақсадларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қарор асосида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган тадбирлар мустақиллик ғояларини кенг тарғиб қилиш, халқимизни янада жипслаштириш ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга хизмат қилмоқда.
Ана шундай улкан маънавий лойиҳаларнинг бири Бухоро вилоятида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган “Мустақиллик тўйи” фестивали бўлди. Уч кун давом этган мазкур фестиваль том маънода халқ байрамига айланиб, юзлаб маънавий-маърифий, маданий ва ижтимоий тадбирлар орқали минглаб инсонларни бир эзгу ғоя – Ватан равнақи ва халқ бирдамлиги атрофида жамлади.
Фестиваль дастурининг марказий қисми ҳисобланган “Умуммиллий бирдамлик фестивали” жамиятнинг барча қатламларини қамраб олган ўнга яқин йирик ижтимоий лойиҳаларни ўзида мужассам этди.
[gallery-30573]
Хусусан, “Инсон қадри” лойиҳаси доирасида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, нуронийлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга маънавий кўмак кўрсатишга қаратилган хайрли ишлар амалга оширилди. Бу ташаббус Президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди.
Фестиваль доирасида саҳналаштирилган “Қасамёд” спектакли томошабинларда катта таассурот қолдириб, ёшлар қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурур ва тарихий хотира туйғуларини янада мустаҳкамлади. “Шижоат” ватанпарварлик лойиҳаси доирасида ҳарбий техникалар кўргазмалари, “Бир кунлик аскарлик” тажрибаси ҳамда “Бирдамлик кубоги” спорт мусобақалари ўтказилиб, ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳи юксалтирилди.
Шунингдек, “Умуммиллий бирдамлик” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Бир дастурхон” тадбирида турли миллат ва элат вакиллари ўз миллий таомлари, урф-одатлари, либослари ва санъатини намойиш этиб, Ўзбекистонда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини яна бир бор яққол намоён қилди. “Дўстлик майдони” интерактив ярмаркаси ҳамда бирдамлик марафони эса барчани эзгулик ва ҳамжиҳатлик ғоялари атрофида бирлаштирди.
Фестиваль дастуридан “Дилдаги гаплар” очиқ мулоқотлари, “Бахтли болалик шарафига” болалар лойиҳаси, “Китоб марафони”, “Маслаҳат оши”, “Фаровон ҳаётга илк қадам” ҳамда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остидаги гала-концерт ҳам муносиб ўрин олди.
Тадбирлар Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларини қамраб олди. Когон туманида “Зиёрат одоби” ва “Маърифат тур” лойиҳалари доирасида муқаддас қадамжолар тарихи ҳамда миллий-маънавий мерос кенг тарғиб қилинди. Шунингдек, “Глобаллашув шароитида миллий ўзлик, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик масалалари” мавзусидаги семинар-тренингда рақамли тараққиёт даврида миллий қадриятларни асраш ва ёшларни ахборот хатарларидан муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Бухоро шаҳрида “Мусиқа санъатининг ёшлар тарбиясидаги ўрни” мавзусида маърифий учрашув, “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари” ва “Яхшилик карвони” акциялари ўтказилди. Кун якунида Арк қўрғони майдонида ташкил этилган “Миллий наволар” концерт дастури байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Қоракўл, Олот, Шофиркон, Ғиждувон, Пешку, Ромитан, Вобкент ва Бухоро туманларида ҳам “Инсон қадри”, “Миллат фидойилари”, "Шукроналик", "Кинокарвон", "Шижоат" ҳамда "Умуммиллий бирдамлик" лойиҳалари доирасида аҳоли, айниқса ёшлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, спорт мусобақалари ва концерт дастурлари ташкил этилди.
—Мазкур фестиваль фақатгина маданий тадбирлар мажмуаси эмас, балки халқимизни бир мақсад атрофида бирлаштиришга қаратилган улкан маънавий ҳаракатдир, —дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими раҳбари биринчи ўринбосари Маъмурахон Сафоева. —Айниқса, ёшлар онгига миллий ғоя, ватанпарварлик, бағрикенглик ва фуқаролик масъулиятини сингдиришда бундай лойиҳаларнинг аҳамияти беқиёс. Президентимиз томонидан маънавият ва маърифат соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида бугун инсон қалби ва онги учун курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Фестиваль доирасида амалга оширилган ҳар бир лойиҳа инсон қадрини юксалтириш, миллий бирликни мустаҳкамлаш ва Янги Ўзбекистон ғоясини халқимиз қалбига чуқур сингдиришга хизмат қилди.
Дарҳақиқат, уч кун давом этган фестиваль юзлаб тадбирлар, семинар-тренинглар, ижодий учрашувлар, китобхонлик акциялари, театр томошалари, концертлар ва хайрия лойиҳалари орқали минглаб ёшлар, зиёлилар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ҳарбий хизматчилар, педагоглар, тадбиркорлар, ижодкорлар ҳамда турли миллат ва элат вакилларини бир майдонда жамлади.
Бу эса Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим мезони – инсон манфаати, миллат бирлиги ва Ватан тараққиёти эканини яна бир бор намоён этди.
Бухорода ўтказилган “Мустақиллик тўйи” фестивали мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб совға бўлиб, халқимиз қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик туйғуларини янада мустаҳкамлади. Энг муҳими, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш, маънавий юксалишни таъминлаш ва миллий бирликни мустаҳкамлашга қаратилган эзгу сиёсатнинг амалий самараларини яққол намоён этди. Зеро, бирдам халқнинг келажаги ҳамиша порлоқ, мустақиллиги эса абадий бўлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари